Ўзбекистонда ислом банкини жорий этиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. У исломий банк фаолиятини лицензиялашни назарда тутади, исломий операциялар рўйхатини киритади ва уларни солиққа тортиш хусусиятларини аниқлаштиради. Марказий банк ҳузурида Ислом молияси кенгаши ташкил этилади.

Жорий йилнинг 27 март куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни (ЎРҚ-1126) қабул қилинди. Ушбу Қонун 2027 йил 29 июндан қонуний кучга киради.

Қонун билан Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Исломий молия фаолияти — бу Ислом дини тамойилларига асосланган молиявий тизим бўлиб, унинг асосий мақсади иқтисодий фаолиятни адолат, ҳалоллик ва ижтимоий масъулият асосида ташкил этишдан иборатдир. Ушбу тизимда молиявий операциялар Шариат қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Исломий молиянинг энг муҳим жиҳатларидан бири — фоиз (риба) олиш ва беришнинг тақиқланишидир. Чунки, Исломда фоиз орқали даромад топиш адолатсиз деб ҳисобланади. Шу сабабли, молиявий муносабатлар фойда ва зарар асосида шериклик тамойилига қурилади. Бу эса тарафлар ўртасида риск ва даромадни тенг тақсимлашни таъминлайди.

Хусусан, ушбу қонун билан қонунчиликка исломий банк фаолияти, исломий молия операциялари, исломий молия стандартлари ҳамда инвестициявий омонат (депозит) тушунчалари киритилмоқда.

Исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия жорий қилиниб, мазкур лицензияни олиш бўйича аниқ талаблар ўрнатилмоқда.

Исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида Марказий банк ва банкларда исломий молия кенгашини ташкил этиш ҳамда унинг фаолиятига доир талаблар белгиланмоқда.

Марказий банкнинг Исломий молия кенгаши – исломий молия стандартларини ишлаб чиқади, Исломий молия фаолияти бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Марказий банкка кўмаклашади, исломий молия соҳасига оид баҳс-мунозараларга сабаб бўлувчи масалалар юзасидан тушунтиришлар ва изоҳлар беради ҳамда исломий молия фаолияти билан боғлиқ низолар бўйича хулосалар беради.

Ушбу фаолиятни амалга ошириш турлари, яъни қонунга мувофиқ, лицензияга эга банклар қуйидаги 6 та асосий операцияни амалга ошириши мумкин:

Музараба: Фойда ва зарарни бўлишиш шарти билан мижозни молиялаштириш ёки инвестициявий омонатларни жалб қилиш (Бир томон пул беради, иккинчи томон бизнес қилади. Фойда келишилган тарзда бўлинади, зарар эса асосан пул берган томонга тегишли (агар бошқарувчи айбдор бўлмаса)).

Вакала: Агентлик шартномаси асосида пул маблағларини жалб қилиш ёки тақдим этиш (Бир киши бошқасини ўз номидан иш юритиш учун вакил қилиб тайинлайди).

Мурабаҳа: Товарларни устама ҳақи билан муддатли тўлов (муддатли савдо) асосида сотиш орқали молиялаштириш (Банк товарни сотиб олади ва сизга устама (наценка) қўшиб, муддатли тўловга сотади).

Салам: Етказиб бериладиган товарлар учун олдиндан тўловни амалга ошириш орқали молиялаштириш (Товар ҳали тайёр эмас, лекин пул олдиндан тўланади).

Мушарака: Шерикчилик (қўшма фаолият) ёки юридик шахсларнинг устав капиталида иштирок этиш орқали молиялаштириш (Ҳамкорлик — икки ёки ундан ортиқ томон пул қўшиб бизнес қилади. Фойда ва зарар ҳамкорликда бўлинади).

Ижара: Мол-мулкни сотиб олиш ҳуқуқи билан исломий ижара асосида фойдаланишга бериш (Исломий лизинг — банк мулкни сотиб олади ва сизга ижарага беради, кейин сотиб олишингиз мумкин).

Ушбу тизим «хуфиёна иқтисодиёт»даги маблағларни расмий банк секторига жалб қилишнинг муқобил механизми сифатида қаралмоқда. 2026–2030-йилларга мўлжалланган стратегияга кўра:

Мамлакатда камида иккита тўлиқ исломий банк ташкил этилади ва давлат банкларида «исломий дарчалар» очилади.

Ҳужжат билан фоиз (рибо) кўринишидаги мукофотни тақиқлаш, фойда ва зарарларни лойиҳада иштирок этиш улушига мутаносиб равишда тадбиркор билан бўлишиш, исломий молиялаштириш тамойиллари асосида суғурта фаолияти (такафул), лизинг фаолияти (ижара), қимматли қоғозлар билан операциялар бўйича фаолият (сукук) ва бошқа операцияларни амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, қабул қилинган янги қонун Ўзбекистонда исломий молия тизимини расман жорий этишга йўл очади. Ушбу тизим фоиз (рибо)сиз ишлайди ва молиявий муносабатларни адолат, ҳалоллик ҳамда шериклик асосида ташкил этади.

 

Шерзод Ғофуров,

Навоий туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Бобур Холмуродов,

Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси 

By admin

Fikr bildirish