Ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда: ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа; узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса; ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса; муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса; ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.  

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар ота (она)нинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг), прокурорнинг, шунингдек вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти юклатилган орган ёки муассасаларнинг (васийлик ва ҳомийлик органи, болалар масалалари бўйича комиссиялар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муассасалари ҳамда бошқа муассасаларнинг) даъвосига биноан кўрилади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўриб чиқилади. Суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда боланинг таъминоти учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (уларнинг биридан) алимент ундириш масаласини ҳал қилади. Агар суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги ишларни кўришда ота-она (улардан бири)нинг ҳаракатида жиноят аломатлари мавжудлигини аниқласа, бу ҳақда прокурорга хабар бериши шарт.  

 

 

Анвар Жумаев,

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси

 

Бахромов Алишер,

Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди судьяси 

By admin

Fikr bildirish