Мазкур давра суҳбати АТ “Халқ банки” Навоий ҳамда туман (шаҳар) филиалининг барча меҳнат жамоаси иштирокида Навоий туманлараро иқтисодий суди судьялари томонидан ташкил этилиб, маързачилар ўзларининг тушунтиришлари орқали мавзуга доир масалалар хусусида сўз юритишди.

 

Хусусан, тадбир давомида суд-ҳуқуқ тизимига оид қонунчилик, бу борада амалга оширилган ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сон Фармонининг мазмун-моҳияти, иқтисодий судлар фаолиятидаги ўзгаришлар тушунтириб берилди.

 

Шунингдек, давра суҳбатида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 30 апрелдаги ЎРҚ–1142-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган ўзгартиришлар, хусусан агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — юз бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги, махсус иқтисодий зоналарнинг ва саноат зоналарининг дирекциялари — инвестиция битими бўйича мажбуриятларини бажармаган тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризалари билан судга мурожаат қилганда иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинганлиги тушунтириб берилди.

 

Бундан ташқари, кредит муносабатларига оид қонунчилик, ушбу соҳадаги муносабатларда юзага келаётган низолар, мазкур низоларни суд муҳокамаларида кўриб чиқиш жараёнида аниқланган хато-камчиликлар, уларни олдини олиш учун амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар, соҳада коррупциявий ҳолатларга йўл қўймслик, ушбу турдаги жиноятлар учун жавобгарлик ва жазо чоралари юзасидан батафсил тушунтириш берилди.

 

Таъкидлаш ўринлики, давра суҳбати қизғин баҳс-мунозара шаклида давом этиб, тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

 

Шерзод Ғофуров,

Навоий туманлараро иқтисодий суди раиси

Фахриддин Бахронов,

Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси

By admin

Fikr bildirish