Барчамизга маълумки, сўнги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби, суд тизимида ҳам кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Медиация институтини жорий этилиши, судларда кўплаб низоларни тарафлар ўртасидаги ўзаро келишув асосида ҳал этилишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Хўш, “Медиация” ўзи нима?

Медиация — бу келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули бўлиб, медиация тарафларнинг медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда ифодаланган ўзаро ихтиёрий хоҳиш-истаги бўлган тақдирда қўлланилади.

Медиация соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2018 йил 3 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонуннинг мақсади медиация соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, амал қилиши тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилиши белгиланган.

Маълумки, судларда низоларни ҳал қилишда тарафларни медиатив келишув йўли билан низони ҳал этишлари самарали ҳисобланади.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал Кодексининг 166-моддасига кўра, “Суд тарафларни яраштириш учун чоралар кўради, уларга фуқаролик суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади. Тарафлар келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб, низони ўзаро талабларнинг тўлиқ ҳажмида ёки қисман ҳал этиши мумкин. Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибида юритиладиган ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин”.

“Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
29-моддасига мувофиқ, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.

Айтайлик, тарафлар ўртасида “медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида” келишув тузилиб, унинг натижаси бўйича тарафлар медиатив келишув расмийлаштирган ҳамда ушбу келишув медиатор томонидан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 122-моддаси, 103-бандига кўра, тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, иш кўрмасдан қолдирилиши белгиланган.

Шу сабабли, бундай ҳолатда суд юқоридаги қонун талабидан келиб чиқиб, ишни кўрмасдан қолдиради.

Шуни айтиш керакки, медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади ва медиатив келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат этишга ҳақли.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, тарафларнинг медиатив келишувга эришишлари низоларни ҳал қилишнинг самарали ечимидир.

 

Мейрбек Бердибеков,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.

 

Баходир Давидов,

Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди судья ёрдамчиси.

By admin

Fikr bildirish