Мамлакатимизда низоларни ҳакамлик
судларида ҳал қилиш механизми жорий этилганлиги фуқароларнинг ҳамда
тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш
кафолатларини таъминлашда, ишбилармонлик муҳитини яхшилашда ҳамда
мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб
этмоқда.
Шу билан бирга таҳлиллар ҳакамлик судлари
фаолиятини ташкил қилишнинг қонуний асосларини ва улар томонидан қонунчиликка
риоя этилиши устидан назорат механизмларини такомиллаштириш, ҳакамлик судларига
қўйиладиган талабларни аниқлаштириш, ҳакамлик судлари фаолиятини ҳамда ҳакамлик
муҳокамасини халқаро стандартларга мослаштириш зарурияти мавжудлигини кўрсатди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон
Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига давлат органлари, ташкилотлари ва
муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи
бошқариш органлари ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмаслигини, ер билан
боғлиқ, бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳамда бюджетдан пул
ундириш билан боғлиқ низолар ҳакамлик судлари томонидан ҳал этилмаслигини
белгиловчи, шунингдек бюджет интизоми мустаҳкамланишини, масъул шахсларнинг
жавобгарлиги кучайтирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар
киритилмоқда.
Ушбу Қонун ҳакамлик судлари фаолиятини
ташкил этишнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, малакали ҳакамлик судьялари
корпусини шакллантириш ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланилишини
таъминлаш учун хизмат қилади.
Саноқулов Фазлиддин Насимович
Навоий вилоят маъмурий судининг судъяси.