Илгари суд қарорлари ижроси амалиётида шундай ҳолат мавжуд эдики, агар қарздор ундирувни амалга ошира олмаса, моддий имконияти бўлмаса ва мажбурий ижро ҳаракатлари тўлиқ амалга оширилганидан сўнг, ижро иши юритилиши тамомланган деб топилар, ижро варақаси ундирувчига қайтарилар эди.

Шу билан бирга, қарздорга нисбатан қўлланган чекловлар ва тақиқлар ҳам бекор қилинарди.

Бундай амалиёт фақат ундирувчининг сарсон бўлишига сабаб бўлибгина қолмасдан, балки айрим ҳолатларда ижро ишини асоссиз равишда “тамомлаш”, чекловларни олиб ташлаш орқали суиистеъмолчилик ва коррупциявий ҳолатларга ҳам шароит яратиб бергани сир эмас. Чунки, ижро ишини тугатиш масаласи кўп жиҳатдан инсон омилига боғлиқ бўлиб қолган.

Амалдаги қонунчиликка “мажбуриятлар реестри” институти жорий этилгандан сўнг, мазкур соҳада мутлақо янги ва тизимли ёндашув шаклланди. Энди, агар қарздор муайян миқдордаги қарзни тўлай олмагани сабабли ижро иши юритилиши тамомланса ҳам, у шахс “мажбуриятлар реестри”га киритилади.

Реестрга маълумотлар киритилганидан сўнг, ижро ҳужжатлари бўйича қуйидаги чекловлар сақлаб қолинади:

қарздорнинг банк ҳисоб рақамларига қўйилган бандлар ва инкассо топшириқномалари;

қарздорнинг ягона уй-жойи ва гаровдаги мол-мулкларига нисбатан қўйилган тақиқлар;

қонуний асослар мавжуд бўлган тақдирда, қарздорнинг Республика ҳудудидан ташқарига чиқишига қўйилган чекловлар.

Бу тизимнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у ижро жараёнида инсон омилини кескин камайтиради, қарорлар шаффоф ахборот тизимлари орқали қабул қилинишини таъминлайди ва шу орқали ижрочилар томонидан эҳтимолий суиистеъмоллар ва коррупцион ҳаракатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Энг муҳими, қарздорнинг моддий имконияти яхшиланган тақдирда — масалан, ишга жойлашса, расмий даромад манбаи пайдо бўлса ёки мол-мулк орттирса — тегишли ахборот тизимлари орқали бу ҳолат аниқланади ва ундирув механизми яна автоматик тарзда ишга тушади.

Оддий қилиб айтганда, энди бировнинг ҳаққи шунчаки “йўқолиб қолмайди”. Қарздорлик барибир ундирилишига хизмат қилувчи ҳуқуқий ва рақамли механизм мавжуд.

Бу эса нафақат ундирувчининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилади, балки ижро тизимида адолат, шаффофлик ва ҳалолликни таъминлашга хизмат қиладиган муҳим қадамдир, бир сўз билан айтганда: “Бировнинг ҳаққи бировда қолиб кетмайди”.

 

Бекзод Джумаев,

Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси

 

Бобур Холмуродов,

Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси 

By admin

Fikr bildirish