Оламда шундай бир маскан борки, ҳар биримиз унга интиламиз. Ишдан, меҳнат жараёнларидан шу ошён сари шошиламиз. Унда бизни чорлайдиган куч – яқинларимиз меҳри, ҳаётимиз мазмуни бўлган фарзандларимиз тафти мавжуд. Бу албатта оиламиздир.

Оила қонунчилигига кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.

Ҳаммамизга маълумки, ҳозирги кунда жойларда, айниқса чекка ҳудудларда одамлар орасида “мулла” ёки “домла” деб танилган шахслар, яъни  норасмий шахслар томонидан ўзбошимчалик билан никоҳ шартларига амал қилмай, тиббий кўрикдан ўтмаган ва ФҲДЁ органларининг никоҳ гувоҳномасини олмаган, энг ачинарлиси никоҳ ёшига ҳам тўлмаган ёшларнинг никоҳлари ўқилиши оқибатида турли салбий оқибатлар юз бермоқда.

Мана шундай салбий ҳолатларнинг олди олиш мақсадида, Конимех туманидаги “Мих ота” жомеъ масжидида фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди судьяси А.Бахромов, Конимех тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи С.Написова ва туман бош имом-хатиби Р.Яндашев иштирокида тумандаги жомеъ масжидлари имом-хатиблари, Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси аъзолари ва отинойиларга семинар ташкил этилиб, унда оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилани мустаҳкамлашга тарғиб қилишга масъул бўлган шахсларнинг шаръий никоҳни белгиланган тартибларга зид равишда қайд қилмаслик, норасмий шахс томонидан никоҳ ўқилиши ҳолатларига чек қўйиш, бундай ҳолатлар никоҳни ноқонуний бўлишига олиб келиши ҳамда амалдаги қонунчиликка кўра жавобгарликка сабаб бўлиши тушунтирилди.

Мўътабар манбалардан бир бўлган “Дуррул мухтор” китобида келтириладики: “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликда ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди.”

Шундай экан, оилани мустаҳкамлаш ҳар биримизнинг энг муҳим вазифамиздир.

 

 

Алишер БАХРОМОВ

            Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди судьяси   

By admin

Fikr bildirish