Давримизнинг фан ва техника соҳасидаги ютуқлари кундалик ижтимоий ҳаётимизга янада қулай имкониятларни тақдим этмоқда. Бироқ, ана шу афзалликлар билан бир қаторда, айрим салбий ҳолатлар ҳам юзага келмоқдаки, бундан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Шулардан бири кибержиноятчиликдир. Кибержиноятчилик – бу компьютер, компьютер тармоғи ёки тармоқ қурилмасидан суиистеъмол қилишга қаратилган жиноий фаолият ҳисобланади. Уларнинг аксарияти кибержиноятчилар ёки хакерлар томонидан ундан ноқонуний даромад орттириш мақсадида содир этилади.
Жиноят кодекси “Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар” деб номланган XX-прим 1 боб билан тўлдирилди.
Бу бобда нисбатан янги, бироқ жамиятимизга шиддат билан кириб келган кибержиноятчилик турлари ва уларга тегишли жазо чоралари белгиланган. Хусусан, 278-4-модда “Компьютер ахборотини модификациялаштириш” деб номланади.
Компьютер ахборотини модификациялаштириш, яъни компьютер тизимида сақланаётган ахборотни қонунга хилоф равишда ўзгартириш, унга шикаст етказиш, уни ўчириш, худди шунингдек била туриб унга ёлғон ахборотни киритиш фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, —
бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бугун технологиялар тобора ривожланиб боргани сари жиноятчилар ҳам улардан фойдаланиб, ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этаётир.
Бироқ, мамлакатимизда қонун устивор, жиноятга жазо муқаррар.
Жахонгир Каримов,
Навоий вилоят суди судьяси
Фурқат Рахманов,
Навоий вилоят суди судьяси