Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди, Навоий шаҳар прокуратураси ва Навоий шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими ҳамкорлигида судда жиноят ишларини кўриш давомида дастлабки тергов органлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан ёш терговчи ҳамда суриштирувчиларни билимларини оширишга қаратилган ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.
Унда шаҳар судининг раиси Б.Алиқулов, судья Д.Пардаева, Навоий шаҳар прокурорининг ўринбосари Б.Қулмуродов, Навоий шаҳар ИИБ ҳузуридаги ТБ бошлиғи А.Ғаниев маъруза қилиб, жорий йилнинг ўтган 3 ойида дастлабки тергов органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар таҳлилига тўхталишди.
Семинарда судлар томонидан жиноят ишларини кўриш жараёнида дастлаб терговда қўйилган айбловни ўзгартирилишига асос бўлаётган омиллар санаб ўтилиб, иш бўйича исбот қилишда далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолаш процессуал ҳаракатларидаги камчиликлар, жиноят ишларини судга топширишда муддатлар бузилгани, ярашув ишларини судга юборишда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 584-моддаси талабларига амал қилинмагани, судланувчиларга айблов хулосаларини кеч топширилгани ва бошқа қатор камчиликлар хусусида тўхталиб, келгусида бу ҳолатларни олдини олишда терговчилардан эътиборли бўлишлари сўралди.
Мазкур семинарда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, янги қонунларни қўллашда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олиш ва тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш масалалари муҳокама қилиниб, қатнашчиларининг юқорида қайд этилган масалалар борасида таклифлари эшитилди.
Баходир Алиқулов,
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси
Дилобар Пардаева,
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди судьяси