Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралда “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-21-сонли Фармони қабул қилинди, ушбу Фармоннинг 1-иловасида “Ўзбекистон — 2030” стратегияси мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичлари белгиланган бўлиб, унда 2023 — 2025 йилларда эришилган самарадорлик кўрсаткичлари ва ўтказилган баҳолаш натижалари асосида янгидан 2026 — 2030 йилларга мўлжалланган «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ишлаб чиқилиб, 1-иловага мувофиқ тьасдиқланди.
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг IV-йўналиши “Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш” 74 – 89 – мақсадларни ўз ичига олади.
84-мақсад, “Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш” деб номланган бўлиб, унда Жиноят иши юритувида ярашув институтидан фойдаланиш имкониятини 20 фоизга ошириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларидан фойдаланиш даражасини 50 фоизга етказиш, кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улушини 45 фоизгача камайтириш, ёшлар томонидан содир этилаётган олдини олиш мумкин бўлган жиноятларни 3 фоизгача камайтириш, аёллар томонидан содир этилаётган олдини олиш мумкин бўлган жиноятларни 3 фоизгача камайтириш, аҳоли кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилувчи соҳаларда қабул қилинган жами 10 та асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инсон ҳуқуқларига оид халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ҳар йили давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 300 нафар ходимларини инсон ҳуқуқлари бўйича махсус малака ошириш курслари билан қамраб олиш мақсад қилинган.
85-мақсад, “Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш” деб номланган бўлиб, унда судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низоларни муқобил ҳал этиш улушини 20 фоизга етказиш, маъмурий судларда ишларнинг келиштириш чоралари орқали ҳал этилиш даражасини 50 фоизга ошириш мақсад қилинган.
86-мақсад, “Суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш” деб номланган бўлиб, унда судьялар орасида хотин-қизлар улушини 30 фоизга етказиш, фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида янги интерактив хизматлар сонини 19 тага етказиш мақсад қилинган.
88-мақсад, “Адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш” деб номланган бўлиб, унда фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини 50 фоизга етказиш, Ҳар 100 минг аҳолига тўғри келадиган адвокатлар сонини камида 25 нафаргача ошириш мақсад қилинган.
Анвар Жумаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси