Ўзбекистон Республикаси
Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)нинг
25-моддасига кўра, иқтисодий судга иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ҳамда
юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва
якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тартибда олган
фуқаролар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишлар кўрилаётганда тарафлар
бўлган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий
муносабатлардан юзага келадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.
Иқтисодий судларда кўриладиган ишлар
даъвонинг баҳосига қараб умумий ҳамда соддалаштирилган турларга бўлинади. ИПКнинг
олдинги таҳририга кўра 2032-моддасига кўра, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан-базавий
ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга
нисбатан эса-беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар
соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.
Бунда корпоратив
низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар
соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.
“Ўзбекистон
Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш
тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий
процессуал кодексининг 2032-моддасига қуйидаги ўзгартишлар
киритилди:
агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан-базавий
ҳисоблаш миқдорининг бир юзи эллик бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга
нисбатан эса-юз бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар
соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.
Эндиликда
даъвонинг баҳоси юридик шахслар учун 61.800.000 сўмдан, якка тартибдаги
тадбиркорлар учун 41.200.000 сўмдан ошмаса иқтисодий судларда ишлар
соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади.
Ишларни
соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш тарафларга бир қатор қулайликлар ҳамда
афзалликлари беради.
Жумладан, ИПК 2034-моддасига кўра,
соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул
қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан
ошмаган муддатда кўриб чиқилади. Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида
кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.
Суд
соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан,
тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
Шунингдек, ИПК 2032-моддасига кўра, агар
ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида учинчи шахснинг
ишга киришиш тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилган, ушбу бобда
белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган қарши даъво қабул
қилинган бўлса ёхуд агар суд қуйидагилар хусусида, шу жумладан тарафлардан
бирининг илтимосномасига кўра қуйидагилар хусусида хулосага келса, суд ишни
даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради:
1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб
чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа
сирнинг ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлса;
2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни
текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш,
экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;
3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ
бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул
қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан
қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса.
Киритилган
ўзгартириш ва қўшимчалар юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга
фуқаровий, ҳуқуқий муносабатларда юзага келадиган низоларни иқтисодий
судларда тезкорлик билан самарали ҳал этилишига хизмат қилади.
Шерзод Ғофуров,
Навоий туманлараро иқтисодий суди
раиси
Бекзод Джумаев,
Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси