Ҳал қилув қарори
қабул қилингандан кейин суднинг ҳаракатлари бевосита Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси нормаларига асосланган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорини
қабул қилиш, эълон қилиш ва кейинги процессуал ҳаракатлар тартибини изчил ёритиб беради. Ушбу нормалар маъмурий судловда
ошкоралик, процессуал аниқлик ва тарафларнинг ҳуқуқларини таъминлашга
хизмат қилади. Аввало, ҳал қилув қарорининг суд мажлисида эълон қилиниши суд жараёнининг
муҳим босқичи ҳисобланади. Қонунчиликка кўра, суд муҳокамаси тугагач, раислик қилувчи
судья қарорни дарҳол ўқиб эшиттиради. Бироқ амалиётда кўпинча
қарорнинг фақат хулоса қисми эълон қилинади. Бу ёндашув бир томондан суд ишларини
тезкор якунлашга хизмат қилса, иккинчи томондан қарорнинг асослантирилган қисмини
сифатли тайёрлаш учун судга муайян вақт беради. Шу билан бирга, хулоса қисми барча
судьялар томонидан имзоланиши шартлиги суд қарорининг қонунийлиги
ва коллегиаллик принципини таъминлайди. Қарорни тўлиқ шаклда тузишнинг беш кунгача
кечиктирилиши мумкинлиги суд амалиётида муҳим процессуал кафолатдир. Бу норма судьянинг иш материалларини чуқур таҳлил
қилиши, далилларни баҳолаши ва қарорни асослантириш имконини беради. Шу билан бирга,
тарафларга қарор билан қачон танишиш мумкинлиги ҳамда уни шикоят қилиш тартибининг
тушунтирилиши фуқароларнинг процессуал ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Бу принцип адолатли судловнинг ажралмас қисми бўлиб, шахсларнинг юқори инстанцияларга
мурожаат қилиш имкониятини кафолатлайди. Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 160-моддасида мустаҳкамланган ҳал қилув қарорининг
ўзгармаслиги принципи суд ҳокимиятининг барқарорлигини ифодалайди. Яъни суд қарори
эълон қилингандан сўнг, уни чиқарган суднинг ўзи қайта кўриб чиқиш ёки ўзгартириш
ҳуқуқига эга эмас. Бу норма суд қарорларининг якунийлигини таъминлайди ва процессуал суиистеъмолларнинг олдини олади.
Фақатгина янги очилган ҳолатлар мавжуд бўлгандагина қарорни қайта кўриш мумкинлиги
қонунийлик ва адолат ўртасидаги мувозанатни таъминлайди.
Юқоридаги кодекснинг 161-моддага кўра, ҳал
қилув қарорининг нусхаларини тарафларга ўз вақтида етказиш мажбурияти белгиланган.
Бу норма суд қарори устидан шикоят қилиш муддатлари билан бевосита боғлиқ бўлиб,
тарафлар қарор мазмуни билан танишмасдан туриб ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмайди.
Қарорни почта орқали ёки электрон шаклда юбориш имконияти эса замонавий технологияларни
суд тизимига жорий этишнинг амалий ифодасидир. Ушбу кодекснинг 162-модда қўшимча
ҳал қилув қарори институтини тартибга солади. Бу институт суд томонидан айрим талаблар
эътибордан четда қолган ҳолатларда ёки суд харажатлари каби масалалар ҳал этилмаганида
муҳим аҳамият касб этади. Қўшимча қарор чиқариш имконияти суд хатоларини процессуал тартибда бартараф этишга хизмат
қилади ва янги даъво киритиш заруратини камайтиради. Шу билан бирга, қўшимча қарор
асосий қарор билан биргаликда кучга кириши унинг ягона ҳуқуқий ҳужжат сифатида амал
қилишини таъминлайди. Шунингдек, 163-моддада ҳал қилув қарорини тушунтириш институти
назарда тутилган бўлиб, бу норма қарор ижросини таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Амалиётда
айрим қарорлар ноаниқ ёки турлича талқин қилиниши мумкин. Шундай вазиятларда суд
қарор мазмунини ўзгартирмаган ҳолда уни изоҳлаш ҳуқуқига эга. Бу эса ижро органлари
ва тарафлар учун аниқлик яратади ҳамда қарор ижросини енгиллаштиради. Бундан ташқари,
164-модда эса техник хатоларни тузатиш масаласини тартибга солади. Суд қарорларида
ёзув ёки арифметик хатолар учраб туриши мумкин, аммо бундай хатолар қарор мазмунига
таъсир қилмаслиги керак. Шу сабабли қонун судга бундай камчиликларни тезкор тартибда
бартараф этиш ваколатини беради. Бу норма суд ҳужжатларининг аниқлиги ва ишончлилигини
таъминлашга хизмат қилади. Мазкур нормалар мажмуи маъмурий суд иш юритишда процессуал тартиб-интизомни мустаҳкамлаш,
суд қарорларининг аниқлиги ва барқарорлигини таъминлаш, шунингдек тарафларнинг ҳуқуқ
ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Улар орқали суд қарорининг қабул қилинишидан
тортиб, унинг ижроси ва эҳтимолий тузатишларигача бўлган барча босқичлар аниқ тартибга
солинган бўлиб, бу эса ҳуқуқий давлат тамойилларининг амалий ифодасидир.
Ш.Шодиев,
Навоий
вилоят маъмурий суди судя катта ёрдамчиси