Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-21-сонли фармони ижроси доирасида “Ўзбекистон-2030” стратегиясидаги Адвокатура салоҳиятини ошириш ва малакали ҳуқуқий ёрдам тизини ривожлантириш алоҳида эътиборга олинган.

Ҳуқуқий демократик давлат қуришда адвокатура институти алоҳида ўрин тутади. Чунки инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда малакали ҳуқуқий ёрдам муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда сўнгги йилларда адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш ва аҳолига кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда “инсон қадри учун” тамойили асосида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу жараёнда адвокатура институтининг роли янада кучаймоқда.

Адвокатура — бу фуқаролар ва юридик шахсларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи мустақил институт ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси — шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, судларда уларнинг манфаатларини ифода этишдан иборат.

Ўзбекистон Республикасида адвокатура фаолияти «Адвокатура тўғрисида»ги Қонун асосида тартибга солинади. Ушбу қонунга мувофиқ, адвокат ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва фақат қонунга бўйсунади. Бу эса унинг холис ва адолатли фаолият юритиши учун муҳим ҳуқуқий кафолат яратади.

Сўнгги йилларда адвокатура институтини ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, адвокатларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилди, уларнинг суд ва тергов жараёнларида иштирок этиш имкониятлари яхшиланди. Шунингдек, адвокатларга бўлган сунъий тўсиқларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Малакали ҳуқуқий ёрдам тизимини ривожлантиришда аҳоли учун бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар учун давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш амалиёти кенгайтирилмоқда. Бу эса адолатга эришиш имкониятларини тенглаштиради.

Адвокатларнинг касбий малакасини ошириш ҳам ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада адвокатларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими такомиллаштирилмоқда, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш учун шарт-шароитлар яратилмоқда.

Шу билан бирга, адвокатура фаолиятида рақамлаштириш жараёнлари ҳам жорий этилмоқда. Электрон ҳужжат айланмаси, онлайн маслаҳат хизматлари орқали фуқароларга қулайлик яратишга эътибор қаратилмоқда. Бу эса ҳуқуқий хизматлардан фойдаланишни янада осонлаштиради

Адвокатура институти мустақиллигини таъминлаш ҳам муҳим масалалардан биридир. Адвокат ўз фаолиятида ҳеч қандай босим ёки аралашувга дуч келмаслиги керак. Шу боис давлат томонидан адвокатлар дахлсизлиги ва уларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилмоқда.

Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда адвокатларнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Улар фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш орқали жамиятда қонунга ҳурмат руҳини шакллантиради.

Хулоса қилиб айтганда, адвокатура институтининг салоҳиятини ошириш ва малакали ҳуқуқий ёрдам тизимини ривожлантириш — ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

Келгусида адвокатура институтини янада ривожлантириш, унинг мустақиллигини таъминлаш ва аҳолига кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар сифатини ошириш орқали жамиятда адолат ва қонунийликни мустаҳкамлаш мумкин.

 

Комил Пирматов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси

 

Шерали Хомидов,

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг тергов судьяси

By admin

Fikr bildirish