Ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг
асосий шарти — Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлашдан иборат. Чунки
айнан қонун устувор бўлган жамиятдагина адолат, тенглик ва инсон қадри
таъминланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ
ислоҳотлари айнан шу мақсадга қаратилган бўлиб, уларнинг бош мезони сифатида
инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш белгилаб олинган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда “инсон қадри учун” тамойили асосида кенг
кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Конституциянинг нуфузи ва
аҳамияти янада оширилиб, унинг нормаларини амалда таъминлашга алоҳида эътибор
қаратилмоқда.
Конституция — давлатнинг олий ҳуқуқий ҳужжати бўлиб, у барча қонунлар
ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар учун асос ҳисобланади. Унинг устуворлиги
таъминланиши дегани, барча давлат органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар ўз
фаолиятини айнан Конституцияга мувофиқ олиб бориши кераклигини англатади. Бу
эса ҳуқуқий тартиботни мустаҳкамлаш ва жамиятда адолатни қарор топтиришга
хизмат қилади.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири — суд ҳокимияти
мустақиллигини таъминлашдир. Суд мустақил бўлмас экан, адолатли қарор қабул
қилиниши қийин. Шунинг учун судьяларнинг дахлсизлиги, уларнинг фақат қонунга
бўйсуниши тамойили мустаҳкамланмоқда. Судьяларни танлаш ва тайинлаш тизими
такомиллаштирилиб, уларнинг масъулияти ва жавобгарлиги оширилмоқда.
Инсон ҳуқуқларини таъминлашда
айбсизлик презумпцияси алоҳида аҳамиятга эга. Яъни, шахс суд ҳукми қонуний
кучга кирмагунча айбдор деб топилмайди. Бу принцип нафақат қонунларда, балки
амалиётда ҳам тўлиқ таъминланиши лозим. Шу мақсадда тергов ва суд жараёнларида
қонун талабларига қатъий риоя этиш чоралари кучайтирилмоқда.
Шу билан бирга, жиноят қонунчилигини либераллаштиришга ҳам катта
эътибор қаратилмоқда. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо
турлари кенгайтирилиб, инсонпарварлик тамойили устувор қилиб белгиланмоқда. Бу
эса шахсни жамиятга қайта мослаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан
бири ҳисобланади. Суд мажлисларининг очиқ ўтказилиши, қарорларнинг эълон
қилиниши фуқароларнинг судга бўлган ишончини оширади. Шунингдек, ахборот
технологияларининг жорий этилиши натижасида электрон суд тизимлари йўлга
қўйилиб, фуқароларга катта қулайликлар яратилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида ҳам қонунийликни таъминлаш
устувор вазифа ҳисобланади. Тергов жараёнларида қийноқлар ва ноқонуний
усулларнинг олдини олиш, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш давлат
сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Бу борада жамоатчилик назоратини
кучайтириш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш
масаласига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки қонунларни билган ва уларга
амал қилган жамиятдагина ҳақиқий ҳуқуқий давлат шаклланади. Бу йўналишда таълим
муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва турли ташкилотлар томонидан кенг
тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш
— давлат тараққиётининг муҳим омилидир. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли
ҳимоя қилиш эса суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг энг асосий мезони ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар
нафақат ҳуқуқий тизимни такомиллаштиришга, балки жамиятда адолат ва
қонунийликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Келгусида бу ислоҳотларни изчил давом
эттириш орқали янада эркин, адолатли ва фаровон жамият барпо этиш мумкин.
Комил Пирматов,
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг раиси
Шерали Хомидов,
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судининг тергов судьяси