Маълумки пул-кредит соҳаси иқтисодиётнинг энг муҳим буғини ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам пул-кредит сиёсатини тўғри йўлга қўйиш, банклар ҳамда уларнинг кредит маблағларидан фойдаланувчи аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўзаро мутаносиблигини, манфаатлар мувозанатини сақлаш мақсадида соҳани тартибга солувчи миллий қонунчилик тизими яратилган.

Қарз ва кредитлаш соҳаси, кредитни гаров билан таъминлаш масалалари аввало Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси билан, қолаверса Ўзбекистон Республикасининг “Гаров тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги ва бошқа соҳага оид қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган.

Кредит олувчи шахсларнинг, шунингдек, кредит таъминоти учун ўз мулкини гаровга тақдим этувчи шахсларнинг банк ёки бошқа микромолия ташкилотлари билан ўзаро шартномавий-ҳуқуқий муносабатга киришишида ушбу қонунчилик ҳужжатлари талабларидан хабардор бўлиши, уларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англай билиши муҳим.

Афсуски, кейинги вақтларда айрим ҳолатларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг соҳага оид қонунчиликдан хабардор эмалиги ёки ушбу қонунчилик ҳужжатлари нормаларини нотўғри талқин қилиши оқибатида улар билан банклар орасида низоли ҳолатлар кўпаймоқда.

Қуйида “Гаров тўғрисида”ги Қонуннинг ҳамда “Ипотека тўғрисида”ги Қонуннинг ўхшаш ҳолатларни тартибга солувчи, аммо конкрет бир вазиятда мазмун жиҳатидан бир-биридан фарқ қилувчи нормаларига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Жумладан, “Гаров тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасига кўра, қарздор томонидан кредитор олдидаги мажбурият бажарилмаган тақдирда, қарздорнинг мажбуриятини таъминлаш учун гаровни тақдим этган учинчи шахс (мулкий кафил) ундирувни гаров нарсасига қаратишдан сақланиш мақсадида бу мажбуриятни гаров нарсасининг қиймати доирасида бажаришга ҳақли эканлиги белгиланган.

Бундан англашиладики, банкдан кредит олган қарздор кредит тўловларини ўз вақтида тўламаганлиги учун банк кредит қарзини ундириш ва ундирувни гаров мулкига қаратиш учун судга мурожаат қилган бўлса, ушбу кредит таъминоти учун ўз мулкини гаров сифатида тақдим этган учинчи шахс (гаровга қўювчи) ундирув гаровдаги ўз мулкига қаратилишидан сақланиш учун кредит қарзининг фақатгина ушбу мулк қийматига тенг қисмини тўлаши ва гаровдаги ўз мулкининг сотилишидан ёки банк балансига ўтиб кетишидан сақлаб қолиши мумкин. Яъни, ушбу мулк бутунлай гаровдан чиқарилади, унга қўйилган тақиқлар ҳам олиб ташланади.

Аммо ушбу нормани кредит таъминоти учун гаровга тақдим этилган кўчмас мулклар учун қўллаб бўлмайди.

Чунки, “Гаров тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасида ушбу Қонуннинг қоидалари, агар “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ипотека билан боғлиқ муносабатларга нисбатан қўлланилиши назарда тутилган.

Яъни, бу ҳолатда “Ипотека тўғрисида”ги Қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлса, “Гаров тўғрисида” Қонун талабларини қўллаб бўлмаслигига ишора қилинмоқда.

Энди “Ипотека тўғрисида”ги Қонуннинг шунга ўхшаш вазиятда қўлланилиши лозим бўлган 49-моддасига тўхталамиз.

Қонун 49-моддасининг биринчи қисмига кўра, ипотека билан таъминланган мажбурият бўйича қарздор ва учинчи шахс бўлган ипотекага қўювчи (ашёвий кафил) ипотекага олувчининг ипотека билан таъминланган барча талабларини бу талабларнинг тегишли суммалар тўланган пайтдаги ҳажмида қаноатлантириб, ундирувнинг гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилишини тугатишга ҳақли.

Кўриниб турибдики, ушбу норма юқоридагисидан фарқ қилаяпти. Яъни, бу ҳолатда ҳам қарздор кредит тўловларини ўз вақтида тўламаганлиги учун банк кредит қарзини ундириш ва ундирувни гаров мулкига қаратиш учун судга мурожаат қилган бўлса, кредит таъминоти учун ўз кўчмас мулкини гаровга қўйган учинчи шахс (ипотекага қўювчи) ундирув гаровдаги ўз мулкига қаратилишидан сақланиш учун кредит қарзининг фақатгина ушбу мулк қийматига тенг қисмини эмас, балки барча кредит қарзини тўлиқ тўлаши талаб этилади.

Тўғри, мазкур икки Қонуннинг ўхшаш ҳолатларни тартибга солувчи нормалари бир хил вазиятда икки хил ечимга олиб келаётганлиги эътирозларга сабаб бўлиши мумкин.

Балки, ушбу Қонунларнинг тегишли нормаларини бирхиллаштириш мақсадида уларга ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқдир.

Бироқ, манфаатдор шахслар айни вақтда бу нормаларнинг мазмун-моҳиятини тўғри тушунган ҳолда амалиётда ҳам уларни тўғри қўллашлари лозим.

 

Шерзод ҒОФУРОВ,

Навоий туманлараро иқтисодий суди раиси

 

Ҳамидулло САЪДУЛЛАЕВ,

Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси

By admin

Fikr bildirish