“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги лойиҳаси Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларининг тобора илдамлашувида янги истиқболларни очмоқда.

Мазкур лойиҳа оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, унинг тотувлиги ва ривожига оид янги истиқболларни кўзда тутиши билан диққатга сазовор.  

 “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги лойиҳасида мамлакат ижтимоий тараққиётига доир бир қатор устувор йўналишлар белгиланган бўлиб, улар орасида оилани мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилган. Жумладан, Стратегиянинг 25-мақсади айнан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган.  

Мазкур мақсад доирасида оилавий низоларни ҳал этиш, низоли оилаларни соғлом муҳитга қайтариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг пойдевори бўлган оила мустаҳкам ва тинч бўлсагина, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига эришиш мумкин. Шу боис, Янги Ўзбекистон шароитида низоли оилалар муаммосини бартараф этиш – давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда оилалардаги низоли ҳолатларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир маҳалла ва ҳудудда тегишли идоралар ва жамоат тузилмалари ҳамкорлигида “нормал муҳитдан чиқиб қолган” оилаларни рўйхатга олиш ва улар билан индивидуал ишлаш тизими йўлга қўйилди.  

Хусусан, 2022 йил март ойидан бошлаб «Низоли оилалар билан индивидуал ишлаш дафтари» жорий этилди. Бу орқали ҳар бир муаммоли оила ёки унинг вакиллари билан манзилли иш олиб бориш механизми ишлаб чиқилди. Бунда фақат маҳалланинг хотин-қизлар фаоли ёки оила масалалари бўйича мутасаддисигина эмас, балки профилактика инспекторлари ва бошқа тегишли идоралар вакиллари ҳам жалб этилиб, ҳар бир низоли оила ҳолати ўрганилмоқда.  

Шу тарзда, жойларда махсус  гуруҳлар “нотинч” оилалар билан суҳбатлар, маслаҳатлар ўтказиб, зарур ҳолларда психологик ёрдам ва ҳуқуқий кўмак бериб келмоқда. Шу билан бирга, маҳаллалар даражасида хотин-қизлар фаоллари фаолиятини баҳолаш мезонлари такомиллаштирилгани эътиборга молик. Энди фақат сон билан ҳисобот бериш эмас, балки ҳар бир оилада ҳақиқий тинчлик ва аҳилликка эришиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Демак, бугунги кунда низоли оилалар билан ишлаш давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан комплекс ва тизимли амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида низоли оилалар муаммосини ечиш юзасидан аниқ мақсад ва кўрсаткичлар белгилангани ушбу саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқмоқда. Хусусан, 25-мақсад доирасида жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка муросасизлик муҳитини яратиш ҳамда аёллар ҳуқуқларини таъминлаш вазифаси қўйилган.  

Албатта, низоли оилаларни соғломлаштириш – фақат рақамгина эмас, балки минглаб аёллар ва болаларнинг тақдири, уларнинг хонадонига тинчлик ва бахт олиб келиш демак. Стратегияда белгиланган мазкур кўрсаткичлар тўғри ва вақтида қўйилган чора деб баҳолаш мумкин. Зеро у давлат органларини аниқ натижага йўналтириб, масъулиятни оширади.

Илмий манбаларда таъкидланганидек, низоли муҳитда ўсган болаларнинг келгусида ўша низони қайта такрорлаш эҳтимоли юқори бўлади. Демак, ҳар бир муросага эришилган оила нафақат бугунги кун учун, балки келажак авлоднинг барқарор ва соғлом ривожланиши учун қўйилган муҳим қадам ҳисобланади.

Қолаверса, бу каби чора-тадбирлар ижтимоий барқарорликни таъминлаш, хотин-қизлар хавфсизлигини кафолатлаш ва оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Давлат учун эса бу стратегик жиҳатдан тўғри йўл. Чунки ажрим оқибатида юзага келадиган ижтимоий ва иқтисодий йўқотишлар (ижтимоий нафақалар, болалар уйлари, суд ишлари, психологик хизматлар) олдини олади.

By admin

Fikr bildirish