Кармана туманидаги жиноятчилик нисбатан юқори бўлганлиги сабабли “қизил” тоифада бўлган “Кумушкон” МФЙда жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда пробация ҳисобида турган маҳкумларга жазони ўташдан бўйин товлаган тақдирда унинг ҳуқуқий оқибатларини кўрсатиб бериш мақсадида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Сайёр суд мажлисида туман ИИБ пробация назоратида рўйхатда турган
150 нафар маҳкумлар иштирокида бўлиб ўтди, унда 19 нафар маҳкумлар тайинланган жазолардан муддатидан илгари шартли равишда озод этилган бўлса, 3 нафар маҳкум белгиланган тартиб қоидаларни бузиб, жазони ўташда қасддан бўйин товлаганлиги учун, уларга нисбатан тайинланган жазо оғирроқ турдаги озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазога алмаштирилди ва бу қарорлар пробация ҳисобида турган маҳкумлар гувоҳлигида эълон қилинди.
Бундан мақсад маҳкум жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган тақдирда, келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларини пробация ҳисобида турган бошқа маҳкумларга кўрсатиб бериш эди.
Сайёр суд мажлиси якунига уланиб кетган тарғибот тадбирида, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида қилинаётган ишлар, қабул қилинаётган қонунлар барчаси “Инсон қадри ва манфаатлари учун” эканлиги, буни ҳар-бир Ўзбекистон фуқароси ич-ичидан ҳис қилиши ва жиноятчиликка қарши биргаликда муросасиз курашиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, йиғилганларга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025-йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарори мазмун моҳияти ҳамда ЎРҚ-1047-сон Қонун юзасидан батафсил тушунтириш берилди.
Тадбир сўнгида йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий соҳага оид саволларига жавоб олишди.
Имомов Бобир,
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг раиси