Мамлакатимизда мустақил суд ҳокимияти зиммасига фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни қарор топтириш вазифаси юклатилган.

Судлар инсон ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини Конституция ва амалдаги қонунларга таяниб, ваколатлари доирасида ҳимоя қилмоқдалар.

Таъкидлаш лозимки, олиб борилаётган ислоҳотлар замирида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига, адолат барқарорлигига, қонун устуворлигининг бардавомлигига ишончи тобора ортмоқда.

Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг 1-июн куни Навоий вилоят маъмурий суди раҳбарияти томонидан судья ва суд ходимлари иштирокида тизимда коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик, фаолиятда шаффофлик ва очиқлик мезонларини таъминлаш мақсадида семинар бўлиб ўтди.

Семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан “Суд органларида манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш, бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш, шунингдек судларда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш” тўғрисидаги чора-тадбирлар режасининг 13-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти ёритиб берилди.

Шунингдек, Навоий вилоят маъмурий судининг раиси Б.Эргашев томонидан судья ва суд ходимларидан ҳалоллик, одоб ва ахлоқнинг умум эътироф этилган қоидаларига амал қилиши, ҳар қандай вазиятда ҳақиқатпарвар бўлиши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва обрў-эътиборига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши талаб қилиниши яна бир бор таъкидланди.

Шу билан бирга, ҳар бир судья ва суд ходими коррупцияга қарши курашишда ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ масъулиятли вазифага виждонан ёндашиши, бу каби жирканч иллатга шерик бўлишдан ўзини тийиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг судга бўлган ишончини ошириш учун асосий пойдевор бўлиб хизмат қилиши уқтирилди.

 

Азиза Рўзиева,

Навоий вилоят маъмурий суди судяси

By admin

Fikr bildirish