Фуқаролар томонидан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман, шаҳар) судларига тез-тез мурожаат қилинадиган даъволардан биттаси қарз ундириш тўғрисидаги даъволар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 733-моддасида, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик ушбу Кодекснинг 109-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келади. Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.
Юқоридаги қоидадан келиб чиқиб, суд томонидан кўрилаётган қарз ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишларининг деярли барчасида ундирилаётган қарз суммаси қарз олувчининг муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган тилхати асос бўлмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир фуқаро қарз олди-берди муносабатига киришганда қарз шартномаси расмийлаштирса ёки унда қарз олувчига муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган тилхат ёки бошқа ҳужжати мавжуд бўлса, ушбу муносабатда унинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши кафолатланади.
Анвар Жумаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси
Алишер Бахромов,
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди судьяси