Оила-жамиятнинг асосий бўғини, инсон ҳаётидаги энг муқаддас қадриятлардан бири ҳисобланади. Инсон оила орқали меҳр-оқибат, масъулият, ҳурмат ва ҳаётий тажрибага эга бўлади. Шунинг учун ҳам никоҳ масаласига жиддий ва масъулият билан ёндашиш лозим. Никоҳ-бу шунчаки тўй қилиш ёки бирга яшаш эмас, балки икки инсоннинг бутун умр давомида бир-бирига суяниш, фарзанд тарбияси ва оилавий масъулиятни зиммасига олишидир.

Бугунги кунда жамиятда долзарб муаммолардан бири сифатида эрта никоҳ масаласи кўп мухокама қилинмоқда. Айрим ёшлар етарли билим ва ҳаётий тажрибасиз эрта никоҳ қуришмоқда. Бу эса турли ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Эрта никоҳ-инсоннинг жисмоний, руҳий ва ижтимоий жиҳатдан тўлиқ шаклланмасдан туриб оила қуришидир. Кўп ҳолларда бу ҳолат таълимнинг ярим қолиши, ишсизлик, оилавий келишмовчиликлар ва саломатлик билан боғлиқ муаммоларга олиб келади.

Эрта никоҳга турли омиллар сабаб бўлади: булар, ота-оналарнинг босими ёки эскича қарашлар, моддий қийинчилик, ёшларнинг ҳаётий тажрибасизлиги, таълимга етарлича эътибор берилмаслиги, атроф-муҳит таъсири ва урф-одатлар.

Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари қуйидагилар:

1.Таълим ва касбдан узилиш -эрта турмуш қурган ёшлар, айниқса қизлар кўпинча ўқишини давом эттира олмайди. Бу эса келажакда яхши касб эгаси бўлиш имкониятини чеклайди. Оилани таъминлашда қийинчилик туғдиради.

2. Оилавий келишмовчилар-ёшлар ҳаётий тажрибага эга бўлмагани учун турмушдаги муаммоларни тўғри ҳал қила олмаслиги мумкин. Натижада жанжаллар ва ажримлар келиб чиқади. Кўп ҳолларда эрта қурилган оилаларда ажримлар сони юқори бўлади. Бу эса нафақат эр-хотин, балки фарзандлар руҳиятига ҳам салбий таъсир қилади.

3. Саломатликка зарар-эрта ёшда оила қуриш ва фарзандли бўлиш организм учун оғирлик қилиши мумкин. Бу айниқча қизлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

4. Иқтисодий қийинчилик-касб ва барқарор ишга эга бўлмаган ёш оилалар моддий қийинчиликларга дуч келади. Бу эса оиладаги муҳитга ҳам таъсир қилади. Айрим ҳолатларда ёш оилалар ота-онага қарам бўлиб қолади. Бу эса мустақил ҳаёт кечиришга тўсқинлик қилади.

5. Руҳий ва психологик босим-эрта никоҳ ёшларга катта маъсулият юклайди. Бу эса стресс, тушкунлик ва руҳий чарчоқни келтириб чиқариши мумкин. Айниқса, орзу-мақсадлари амалга ошмай қолган ёшларда ҳаётдан норозилик пайдо бўлиши эҳтимоли юқори.

Эрта никоҳнинг олдини олиш учун ёшлар ўртасида ҳуқуқий ва маънавий тарбияни кучайтириш, таълимга эътиборни ошириш, ота-оналар билан тушунтириш ишларини олиб бориш, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, қонун талабларига қатъий амал қилиш зарур.

Эрта никоҳ нафақат икки инсон, балки бутун жамият келажагига таъсир қилувчи масаладир. Ҳар бир ёш оила қуришдан олдин билимли, мустақил ва масъулиятли бўлиши керак. Чунки мустаҳкам оила-бахли ҳаёт ва тараққий этган жамият асосидир.

Зеро, оила қуриш осон, уни сақлаб қолиш эса сабр, билим ва масъулият талаб қилади.

 

Акрам Ҳамраев,

Фуқаролик ишлари бўйичаХатирчи туман суди раиси

By admin

Fikr bildirish