Кейинги пайтларда Гулининг (исм-шарифлар ўзгартирилди) кўнглига чироқ ёқса, ёришмайди. “Бошингга неки келса, тилингдан кўр” деган нақл тез-тез ёдига тушаркан, ўз-ўзидан хафа бўлиб кетади.

Ҳар гал у хорижий давлатлардан даромадли иш топиб беришни сўраб, ўзининг тилидан илингани, сўнг бегона юртда тубан ишларни қилишга мажбур бўлганини ўйласа, дарду дунёси баттар қоронғи тортиб кетади.

Охир-оқибат эса, Гули ўзини алдов йўли билан хорижга жўнатган Олима ва чет элда шаҳвоний мақсадларда фойдалангани устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунёда одам савдоси сингари тубан қилмишнинг кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бундан ҳам ачинарлиси, дунёда одам савдоси қурбонларининг 61 фоизини аёллар ва қизлар ташкил этади.

Оғир меҳнатга мажбурлаш, жинсий қийнаш одам савдосининг энг оғир кўриниши саналади. Бу иллат домига тушганларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқлари аёвсиз топталади. Одам савдоси қурбонлари орасида болалар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Аниқроғи, одам савдоси қурбонларининг 38 фоизини вояга етмаганлар ташкил этиши ҳам бу иллат нечоғли хатарли эканини кўрсатади.

Шу ўринда жабрланувчи Гули масаласига қайтадиган бўлсак, унинг аризаси асосида Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “е,з” бандлари билан айбдор деб топилган Олимага нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилди.

Шу ўринда бу ҳақда батафсил фикр юритсак, бошқалар каби Гули ҳам яхши яшашни, даромадли ишларда ишлашни истарди. Шу сабабдан, у 2023 йилнинг март ойи бошларида таниши Олима билан бу ҳақда гаплашиб қолади. Қарангки, Олиманинг Россия Федерацияси Новосибирск шаҳрида танишлари бор экан.

Хуллас, Олима Гулига РФга бориб, ишлашни хоҳласа, ёрдам беришини айтади. Аммо Гули авиачипта сотиб олишга ҳам пули йўқлигини айтгач, Олима “сиз бундан ташвиш қилманг, чипталарни ўзим олиб бераман, бундан ташқари, чет элда ётоқ жойи ва иш билан ҳам таъминлайман” дейди.

Шунингдек, ойига яхши  даромад топишини айтади.

Қисқаси, Гули Олиманинг ёлғон ваъдаларига ишониб, хорижда ишлашга розилик билдиради. 2023 йилнинг март ойида Тошкент шаҳридаги халқаро аэропорти орқали “Тошкент-Новосибирск” авиарейси билан Россия Федерацияси Новосибирск шаҳрига самолётда учиб кетмоқчи бўлган вақтида, тезкор тадбир давомида ушланиб, авиачипталар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Суд судланувчи Олимани Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “е” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 2 (икки) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм чиқарди.

Айтиш керакки, Конституциямизнинг 29-моддасида “Давлат жабрланувчиларга ҳимояланишни ва одил судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун шарт-шароит яратади” дея таъкидланган.

Ушбу конституциявий нормани келтиришдан мақсад шуки, жабрланувчига, жиноят натижасида етказилган маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдоси жинояти — хавфли иллат. Бундай қилмишга қўл урганлар ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

 

Улуғбек Исмаилов,

Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси

By admin

Fikr bildirish