Мамлакатимизда аёлларнинг қадрини улуғлаш, уларнинг шаъни ва
қадр-қимматини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар қатъият билан
амалга оширилаётганига ҳар биримиз гувоҳмиз. Аёллар ва болалар ҳуқуқлари, оила
манфаатларини муҳофаза қилиш юртимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик
сиёсатининг негизи, десак, янглишмаймиз.
Айтиш керакки, рўёбини топаётган чора-тадбирлар самарали натижаларга
етаклаётгани, маънавий-маиший ва ахлоқий муҳит яхшиланаётгани, хотин-қизларнинг
иззат-ҳурмати кафоланаётгани, қонун билан қўриқланаётгани – жамиятда кечаётган
ижобий ҳолатларнинг яна бир ибратли намунаси. Бу жараёнда оилавий (маиший) зўравонликка
оид қонунлар, ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар муттасил такомиллаштирилиб
борилаётгани янада эътиборлидир.
Шу ўринда оилавий зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик хавфли ижтимоий иллат
эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Маълумки, оилавий зўравонликка доир ножўя
қилмишлар боис оилавий муносабатлар издан чиқади, ижтимоий барқарорликка путур
етади. Оила тинч бўлса, маҳалла ҳам тинч бўлади, маҳаллалар тинчлиги эса —
бутун юртнинг тинчлиги, осойишталиги, баҳамжиҳатлиги гарови.
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Бола
ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ
ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ана шу эзгу мақсадни амалда
таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий асоси саналади.
2023 йил 11 апрелда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари
ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хотин-қизларни камситишнинг
барча шаклларига барҳам бериш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар
киритиш тўғрисида”ги қонун билан миллий қонунчилигимизга оилавий (маиший)
зўравонлик ва шаҳвоний шилқимлик тушунчалари киритилди. Маъмурий жавобгарлик
тўғрисидаги кодекснинг 59-2, Жиноят кодексининг 126-1-моддаларидан оилавий (маиший)
зўравонлик, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасида эса,
шаҳвоний шилқимлик оид жавобгарлик нормалари ўз ифодасини топди.
Юртимизда аёлнинг қадри баланд, шаъни дахлсиз ва адолатли қонун билан
қўриқланади, бундай ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва моддий ҳимояни давлатнинг ўзи
кафолатлайди. Аёли, оиласини ардоқлаб, бошига кўтарган, шу аснода хонадони
бахт-тахтини яратган хонадон соҳиблари юртимизда кўп.
Зотан, аёлни асраб-авайлаш, унинг ҳурматини жойига қўйиш, шаъни ва
қадр-қиммати дахлсизлигини таъминлаш оилага, фарзандлар келажагига юксак
масъулият ва жавобгарлик билан қараш эканини ҳеч қачон унутмаслик керак.
Улуғбек Исмаилов,
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг тергов судьяси