Суд
ҳужжатларининг ижроси адолат қарор топишининг муҳим босқичи ҳисобланади. Айниқса,
иқтисодий суд ишларида ижро варақасининг ўз вақтида тақдим этилиши, йўқотилган
тақдирда унинг дубликатини олиш ва ўтказиб юборилган муддатларни тиклаш
масалалари амалиётда кўп учрайди.
Ўзбекистон
Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб
юритилади)нинг 338–341-моддалари айнан шу масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга
солади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасига асосан
Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва
қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.
ИПКнинг 341-моддасига кўра, агар
ижро варақаси ёки суд буйруғи йўқотилган бўлса, уни берган суд ундирувчининг
аризаси асосида дубликат бериш ҳуқуқига эга. Муҳим жиҳати шундаки, бундай
ариза, қоида тариқасида, ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун белгиланган
муддат тугагунга қадар берилши лозим.
Ижро варақасини дубликатини бериш
қоидалари суд буйруғи бериш тартибига ҳам қўлланилади.
Бироқ истисно ҳолат ҳам мавжуд. Агар
ижро варақаси давлат ижрочиси ёки ижрони амалга оширувчи бошқа шахс томонидан
йўқотилган бўлса ва бу ҳақда ундирувчи муддат ўтгандан сўнг хабардор бўлган
тақдирда, ундирувчи ижро варақаси йўқотилгани ҳақида билган кундан эътиборан
бир ой ичида дубликат бериш тўғрисида ариза киритиш ҳуқуқига эга.
Ижро варақасининг дубликатини бериш
ҳақидаги ариза судга келиб тушган кундан бошлаб бир ой муддатда суд мажлисида
кўриб чиқилади. Ундирувчи ва қарздор суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида суд
ажрими орқали хабардор қилинади. Улар суд мажлисига келмаган тақдирда ҳам, агар
тегишли тарзда хабардор қилинган бўлса, аризани кўриб чиқишга тўсқинлик
қилинмайди.
Кўриб чиқиш натижасида суд ажрими
чиқарилади ва унинг нусхалари тарафларга юборилади. Ушбу ажрим устидан
белгиланган тартибда шикоят қилиш ёки протест келтириш мумкин.
ИПКнинг 338-моддага мувофиқ, ижро
варақаси суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан уч йил ичида ижрога
тақдим этилиши мумкин. Агар суд ҳужжатининг ижроси кечиктирилган ёки
бўлиб-бўлиб ижро этиш белгиланган бўлса, мазкур муддат тегишли муддат тугаган
кундан ҳисобланади.
Агар ижро жараёни суд томонидан
тўхтатилган бўлса, тўхтатиб турилган вақт ижро варақасини тақдим этиш муддатига
қўшилмайди.
ИПКнинг 339-моддаси ижро варақасини
ижрога тақдим этиш муддатининг узилиши ҳолатларини белгилайди.
Хусусан, ижро варақаси ижрога тақдим
этилганда ёки қарздор томонидан қисман ижро қилинганда муддат узилади ва
қайтадан янгидан ҳисобланади. Илгари ўтган вақт янги муддатга қўшилмайди.
Агар ижро варақаси ижро этиш
имконияти мавжуд эмаслиги сабабли ундирувчига қайтарилса, янги муддат унинг
қайтарилган кунидан бошлаб ҳисобланади.
ИПКнинг 340-модда ундирувчига ижро
варақасини ижрога тақдим этишда ўтказиб юборилган муддатни тиклаш имкониятини
беради. Агар ундирувчи муддатни узрли сабабларга кўра ўтказиб юборган бўлса,
суд бу муддатни тиклаши мумкин.
Бундай ариза ҳам бир ой муддатда суд
мажлисида кўриб чиқилади ва натижаси бўйича суд ажрими чиқарилади. Ажримдан
норози тарафлар белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Хулоса
ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси
Иқтисодий процессуал кодексида ижро варақаси билан боғлиқ нормалар
ундирувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ
ижро этилишини таъминлашга қаратилган. Ушбу қоидаларни билиш ва улардан тўғри
фойдаланиш шахснинг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тиклаш имконини беради.
Лутфулла Тошмуродов,
Навоий вилоят суди судьяси
Фахриддин Бахронов,
Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси
Бобур Холмуродов,
Навоий
туманлараро иқтисодий суди судьяси