Коррупция аввалам бор – лотинча corruptio сўзидан олинган бўлиб, емирилиш”, “бузилиш” деган маъноларни англатади.

Коррупция- бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишини англатади.

Коррупциянинг асосий белгилари деганда, мансабни суиистеъмол қилиш, пора олиш ёки бериш, манфаатлар тўқнашувига йўл куйиш, ноқонуний имтиёзлар бериш ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этиш деган тушунчалардан иборатдир.

Бундан ташқари, жамиятда коррупциянинг куйидаги учта асосий турларини учратиш мумкин, булар:

Биринчиси, маиший коррупция, бу давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида фуқаролар ва давлат хизматчилари ўртасида вужудга келадиган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик;

Иккинчиси, бизнесдаги коррупция, бу тадбиркорлар ва давлат хизматчилари ўртасида вужудга келадиган муносабатлардаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар;

Учинчиси, ҳокимиятдаги коррупция бўлиб, бу давлат ҳокимият органларида мансабдор шахслари томонидан содир қилинадиган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар.

Ҳаётимизда учраб турадиган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар салбий оқибатларга олиб келиши тайиндир.

Чунки, коррупция мамлакатда демократия ва инсон ҳуқуқлари институтларининг мустаҳкамланишига жиддий путур етказади, кенг жамаотчиликда ҳокимиятга бўлган ишончни сўндиради, жамиятдаги тинчлик, осойишталик, адолат ва қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларнинг бузилишига олиб келади, бозор иқтисодиёти қонуниятларининг бузилиши, яширин иқтисодиётнинг пайдо бўлишига ва ривожланишига замин яратади ва қолаверса давлат бюджетига жиддий зарар етказади.

Шу боисдан давлат, жамият ва ҳар бир фуқаро томонидан коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиб келинмоқда.

БМТ нинг 2003 йил 31 октябрдаги “Коррупцияга қарши” конвенцияси Ўзбекистон томонидан 2008 йил 7 июлда қабул қилинган.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида 2003 йил 10 сентябрда қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига Ўзбекистон  2010 йил март ойида қўшилган.

Мазкур халқаро ҳуқуқ нормалари талабларини бажариш ва коррупцияни олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан янги қонунлар қабул қилиниб, ҳуқуқий асослар яратилган.

Дастлаб, Ўзбекистон республикасининг 2017 йил 3 январдаги ЎРҚ-419-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун билан, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб олинган, хусусан:

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш.

Шу билан бирга, ушбу ҳужжат билан коррупцияни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири деб ҳисобланган манфаатлар тўқнашувига қуйидагича таъриф берилди, унга кўра манфаатлар тўқнашуви деганда, шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият тушунилиши қайд этилди.

Манфаатлар тўқнашуви қандай кўринишларда намоён бўлади деганда эса, уларнинг куйидаги турларини фарқлай ола билишимиз лозим бўлади.

Биринчиси бу раҳнамолик ёки фаворотизм бўлиб, ҳимоя остидаги айрим ходимларни яқин олиш ва қўллаб қувватлашдир.

Иккинчиси непотизм бўлиб, бу қариндош-уруғчилик, ҳудудий ёки этник принциплар асосида давлат тузилмаларида ёки бошқа тузилмаларда тор гуруҳчилик манфаатлари билан иш кўриш маъносини англатади.

Учинчиси, протекционизм ҳисобланиб, маълум бир шахсларни лавозимга тайинлашга кўмаклашишдан иборатдир.

Ва тўртинчиси, кронизм яъни таниш билишчилик, гуруҳбозлик, лавозимларни таниш-билишчилик асосида дўстларга бериш ҳисобланади.

Манфаатлар тўқнашуви ҳолларини тартибга солиш учун 2024 йил 5 июнда Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги ЎРҚ-931-сонли Қонуни қабул қилинган.

         Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишда, ҳуқуқий асослар яратишдан ташқари, бир қанча ишлар ҳам амалга оширилиб келинмоқда.

         Масалан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурлари тасдиқланган, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилган, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ташкил этилган.

         Хулоса ўрнида айтиш жоизки, коррупция мансабдорнинг ўз ваколатидан ноқонуний фойдаланиши ва бу орқали моддий ёки номоддий фойда кўриши бўлиб, бу жамиятга жиддий зарар етказувчи ижтимоий ҳодисадир.

         Шундай экан, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир соф виждонли инсоннинг, демократик жамият ва давлатнинг муқаддас бурчидир.

 

Нурбек Умаров,

Навоий вилоят суди судьяси

By admin

Fikr bildirish