Ҳуқуқий давлатда суд ҳимоясининг самарадорлиги фақат суд қарорининг қонунийлиги билан эмас, балки унинг ўз вақтида қабул қилиниши билан ҳам белгиланади. Айниқса, маъмурий суд ишларини юритишда процессуал муддатлар муҳим аҳамият касб этади. Чунки маъмурий судлар жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, мансабдор шахслар томонидан қабул қилинган қарорлар, содир этилган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликлар устидан шикоятларини кўриб чиқади. Бундай низоларда вақт омили бузилган ҳуқуқларни реал ва самарали тиклашнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда процессуал муддатлар суд ва ишда иштирок этувчи шахслар томонидан амалга ошириладиган процессуал ҳаракатларнинг аниқ вақт чегараларини белгилаб беради. Ушбу муддатлар суд ишларини тартибли, тезкор ва адолатли кўриб чиқишни таъминлашга қаратилган. Кодексга мувофиқ, маъмурий суд ишларини юритишда энг муҳим процессуал муддатлардан бири – маъмурий даъво аризасини бериш муддати ҳисобланади. Хусусан, МСИЮТКга кўра, жисмоний ёки юридик шахс ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида хабардор бўлган кундан эътиборан, қоида тариқасида, олти ой ичида маъмурий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши лозим. Масалан, агар туман ҳокимининг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори 1 февраль куни фуқарога маълум бўлган бўлса, у 1 августга қадар маъмурий судга даъво аризаси киритиш ҳуқуқига эга бўлади. Ушбу муддат ўтказиб юборилган тақдирда, даъво аризаси суд томонидан кўриб чиқилмасдан қолдирилиши мумкин. Шу билан бирга, кодекс процессуал муддатни тиклаш имкониятини ҳам назарда тутади. Агар даъвогар белгиланган олти ойлик муддатни узрли сабабларга кўра ўтказиб юборган бўлса, масалан, узоқ муддатли касаллик ёки хизмат сафарида бўлиши туфайли судга мурожаат қила олмаган бўлса, у муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли. Суд ушбу сабабларни асосли деб топса, процессуал муддатни тиклайди. Бу ҳолат маъмурий суд ишларини юритишда адолат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилларининг устуворлигини кўрсатади.

Маъмурий суд ишларини юритишда яна бир муҳим процессуал муддат – суд ишини кўриб чиқиш муддати ҳисобланади. МСИЮТКга кўра, маъмурий ишлар, одатда, суд томонидан иш юритишга қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддатда кўриб чиқилиши лозим. Ишнинг мураккаблиги ёки қўшимча далиллар талаб этилиши сабабли ушбу муддат узайтирилиши мумкин, бироқ бу ҳолат ҳам кодексда белгиланган чегаралар доирасида амалга оширилади. Масалан, солиқ органининг юридик шахсга нисбатан чиқарилган қарори устидан берилган даъво ишида қўшимча ҳужжатлар талаб этилса, суд кўриб чиқиш муддатини узайтириши мумкин, аммо ишни асоссиз чўзишга йўл қўйилмайди. Процессуал муддатлар апелляция ва кассация тартибида шикоят қилиш жараёнида ҳам муҳим рол ўйнайди. Маъмурий суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти, қоида тариқасида, бир ой муддатда берилади. Масалан, биринчи инстанция маъмурий суди томонидан 10 июнь куни чиқарилган қарордан норози бўлган тараф 10 июлгача апелляция шикояти киритиши лозим. Ушбу муддатга риоя қилинмаслиги шикоятнинг қайтарилишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, МСИЮТКда суд ҳужжатларини юбориш ва топшириш билан боғлиқ муддатлар ҳам белгиланган. Суд қарорлари ва ажримларининг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга белгиланган муддатларда юборилиши шарт. Бу эса тарафларнинг кейинги процессуал ҳуқуқларини, жумладан, шикоят қилиш ҳуқуқини ўз вақтида амалга оширишига хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда белгиланган процессуал муддатлар маъмурий судловнинг тезкорлиги, тартиблилиги ва адолатлилигини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади. Ушбу муддатларга қатъий риоя этилиши фуқаролар ва юридик шахсларнинг давлат органлари билан низоларида ўз ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш имконини яратади. Процессуал муддатларнинг тўғри қўлланилиши маъмурий судларнинг ҳуқуқий давлатдаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Давлат Бобоноров,

Навоий вилоят маъмурий суди судьяси

By admin

Fikr bildirish