Коррупциянинг тарихи антик даврларга бориб тақалади, қадимги Юнонистон ва Мисрда оддий халқни оқсоқоллар ва амалдорларга совға саломлар беришдан бошланган бу коррупция иллати ҳозирги даврга қадар давом этиб, барча давлатларда, жамиятнинг турли соҳаларда турли кўринишларда намоён бўлиб келмоқда.
Статистик маълумотларга кўра дунёда ҳар йили 1 триллион доллардан ортиқ маблағлар пора сифатида муомалада бўлиб, унинг давлатларга йиллик зарари 2,6-3,6 триллион долларга тенг экан.
Биргина вилоятимизда 2025 йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан коррупция билан боғлиқ 361 та жиноят иши кўрилган бўлиб, 556 та шахсга нисбатан жазо тайинланиб ҳукм чиқарилганлиги, шулардан 19 нафари 60 ёшдан ошган шахслар, 73 нафари аёллар эканлиги, энг ачинарлиси шу жиноят иштирокчиларини орасида 116 нафар ёшларнинг мавжудлиги, коррупция деб аталган иллатга қарши курашиш нақадар долзарб эканлигидан далолат беради.
Бу борада Президентимиз 2025 йил декабрь ойида қилган мурожаатида Коррупцияни давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид сифатида баҳолаб, бунга йўл қўйиш ислоҳотларга хиёнат эканлиги, бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди.
Президентимизнинг 2025 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 270 сонли Фармони билан коррупцяяини олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини устувор вазифалари белгилаб берилиб, давлат корхоналари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг профессинол ва самарали тизими бўлган копмлаенс назорат тизими жорий этилди ва мазкур тузилмаларга коррупция оқибатлари билан курашишдан кўра, коррупцион омилларни барвақт аниқлаш ва превентив механизмларни жорий этиш орқали тизимли коррупцион ҳолатларни олдини олиш масаласи қўйилди.
Шу асосда суд тизимида ҳам коррупцион хавф хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш мақсадида Президентимиз томонидан 2026 йил 8 июнь кунида “Судларда комлаенс назорат тизимини самарадорлигини оширишни қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Фармоннинг асосий мақсади, судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, замонавий комплаенс назорат тизимини жорий этиш орқали коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш,
суд аппарати ходимларини ишга қабул қилиш жараёнини шаффоф тартиб-таомиллар ва очиқ танловга асосланган тарзда ташкил этиш, уларнинг салоҳияти, иқтидори, касбий сифатлари ҳамда алоҳида хизматларини одилона ва ҳаққоний баҳолаш (меритократия) асосида касбий ўстириш, суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суднинг нуфузи ва обрўсини ошириш, суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг кўмакчисига айлантиришдан иборат.
Мазкур Фармон асосида суд тизимининг мавжуд бошқарув штат бирликлари доирасида суд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш, шу жумладан, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва тартибга солиш учун масъул бўлган Комплаенс назорат хизматини ташкил этилиб, мазкур хизматнинг асосий вазифалари суд аппарати фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш чораларини кўриш, суд аппарати ходимлари томонидан касб этикаси ва қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини мониторинг қилиш, коррупция ва суд тизими обрўсига путур етказувчи бошқа ҳолатларнинг олдини олиш, суд аппаратига ишга қабул қилиш жараёнларида шаффофлик ва холисликни таъминлаш чораларини кўриш, шунингдек, белгиланган тартибда суд аппарати лавозимларига номзодларни коррупцияга қарши текширувдан ўтказиш ва хулоса бериш, суд аппарати ходимларида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмалари узлуксиз ошириб борилишини мувофиқлаштириш, суд аппарати ходимлари, улар оила аъзоларининг (турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари) даромадлари ва мол-мулки, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини декларация қилиш тизимларини ишга тушириш ҳамда юритиш, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик ҳолатларига йўл қўймаслик, халқаро стандартлар асосида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, пора таклиф этиш ҳолатлари ҳақида ходим томонидан хабар бериш тизими, шунингдек, фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини жорий этиш кабилар белгиланди.
Турғун Қаҳҳоров,
Навоий вилоят суди раиси ўринбосари