2026 йилда суд тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича эълон қилинган фавқулодда ҳолат суд органлари олдига кечиктириб бўлмас, кескин ва тизимли вазифалар қўйди.

Бу вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 9 июнида “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши соҳага буткул янги даврни бошлаб бериши билан аҳамиятли.

Мазкур Фармон билан суд тизимида коррупциявий омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, кадрлар танловини рақамлаштириш, шаффофликни кучайтириш мақсадида Олий суд таркибида тўғридан-тўғри Олий суд раисига бўйсунувчи Комплаенс назорати хизмати ва ҳудудларда Комплаенс назорати бўйича инспектор лавозимлари жорий этилиб, суд аппарати ходимлари фаолиятида ҳалоллик, ҳисобдорлик ва очиқликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ушбу назоратни жорий этиш, суд аппарати ходимларининг касбий ва ахлоқий масъулиятини оширишга қаратилган ёндашув алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, одил судлов сифати суд томонидан қабул қилинадиган қарордан анча олдин, яъни мурожаатларни қабул қилиш, ҳужжат айланиши ва фуқаролар билан мулоқот маданиятидан бошланади. 

 Шунингдек, Фармонга кўра, эндиликда суд аппарати ходимларини ишга қабул қилиш жараёнлари тўлиқ очиқ танлов асосида ташкил этилади. Номзодларни шахсий ва касбий фазилатларини ҳаққоний баҳолаш, маънавий-ахлоқий ва ҳалоллик сифатларини инобатга олишга қаратилган “vacancy.sud.uz” портали ва  “SudHR” электрон платформаси ишга туширилади.  

Бу жараёнларга сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан кенг фойдаланилади. Бу эса кадрлар сиёсатида замонавий, рақамли ва адолатли ёндашувни таъминлайди.

 Шу билан бирга суд аппарати ходимларини лавозимларига қабул қилишда коррупцияга оид жиноят содир этган, ножўя хатти-ҳаракатлари сабабли лавозимдан озод этилган шахсларга нисбатан чекловлар белгиланиши, тадбиркорлик, манфаатлар тўқнашуви  ва хорижда мол-мулкка эгалик қилиш билан боғлиқ чекловларнинг назарда тутилиши  суд тизими ходими мақомига нисбатан масъулиятни оширади.

Бундан ташқари, фармонда суд аппарати ходимлари учун даромад ва мол-мулкини декларация қилиш, манфаатлар тўқнашувини ошкор этиш жорий этилиши ҳамда коррупция ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш механизмини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Фармонда суд ишларини автоматик тақсимлаш дастурини такомиллаштириш, юқори хавфли лавозимлар рўйхатини белгилаш ва инсон омилини камайтириш каби чоралар назарда тутилаётгани айниқса аҳамиятли. Чунки, ташқи таъсирлардан ҳоли механизмнинг мавжудлиги адолатли судловнинг муҳим кафолатларидан биридир.

Фармонда судьялар корпусида коррупцияга муросасизликни шакллантириш, Одил судлов академиясида “реал кейслар”га асосида ўқув-амалий модулларини жорий этиш, судья ва суд аппарати ходимларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича малакасини ошириш вазифалари белгиланган.

Айниқса, Одил судлов академиясини ISO 37001 коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими халқаро стандарти бўйича аудитдан ўтказиш чоралари кўрилишининг белгилангани суд тизимидаги ислоҳотларни халқаро мезонлар билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, аҳолини судларга ишончини оширмасдан туриб, суд ислоҳотларида туб бурилишларни амалга ошириш имконияти мавжуд эмас, мазкур ҳужжатда илгари сурилган таклифлар мамлакатимизда аҳолининг суд ҳимоясида бўлиш кафолатларини янада кучайтирган ҳолда, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги мазмун ва босқичга кўтараётганини яна бир бор тасдиқлади.

 

Ғалим Абдухолиқов,

Азиза Рўзиева,

Навоий вилоят маъмурий суди судьялари

By admin

Fikr bildirish