Жиноятчиликка қарши курашиш барча даврларда ҳам давлат ва жамият олдида турган муҳим масалалардан бири бўлиб келган. Зеро, инсон тинч ва хотиржам яшашни истайди, тинчлик бўлган жойда эса барака ва ривожланиш бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сонли қарорида ижтимоий профилактика самарадорлигини оширишни устувор вазифа этиб белгилаган ҳолда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш бўйича манзилли профилактик чора-тадбирлар тизимини самарали жорий этиш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш бўйича ташкилий-профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳим ўринни эгаллади.
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси Б.Алиқулов, Навоий шаҳар хокими Д.Эргашев, Навоий шаҳар ИИБ бошлиғи А.Қодировнинг иштирокида ижтимоий профилактика ҳафталиги доирасида шаҳар ҳудудидаги “Ёшлик”, “Фаровон”, “Ватан” маҳаллалари фаоллари ҳамда ушбу маҳаллалар ҳудудида жойлашган олий ўқув юртининг талабалари иштирок этишди.
Мазкур йиғилишда, маҳаллалар ҳудудини жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, жиноятларни барвақт профилактика қилиш, ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган асл омилларни аниқлаш ва барҳам бериш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Хусусан, “Ёшлик”, “Фаровон”, “Ватан” маҳаллалари ҳудудида содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва жиноятчиликка имкон яратиб берган шарт-шароитлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда, суд раиси, шаҳар хокими ва ИИБ бошлиғи томонидан маҳаллаларда ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш орқали ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий профилактика объектларининг муаммоларини ўрганиш ва ижтимоий профилактика тадбирларини амалга ошириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни соғлом турмуш тарзи ва спортга тарғиб қилиш, фуқароларни жипслаштириш, маҳаллаларда соғлом муҳит яратиш ва фуқароларда маҳаллага дахлдорлик ҳиссини уйғотиш бугунги куннинг асосий талаби эканлиги таъкидланиб ўтилди.
Шунингдек, ёшлаш ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Зарурий профилактик чораларни янада кучайтириш бўйича маҳалла раиси, профилактика инспектори ҳамда фуқароларнинг таклифлари тингланди. Суҳбатлар жараёнида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга оид тарғибот материаллари тарқатилди.
Баходир Алиқулов,
Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди раиси