Суд тизими — ҳар қандай давлатда адолат мезони ҳисобланади. Фуқаро ўз ҳуқуқи бузилган пайтда, аввало, судга ишонади. Шу боис, Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган суд соҳасидаги ислоҳотлар нафақат ҳуқуқшунослар, балки кенг жамоатчилик учун ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу ислоҳотлар оддий инсон ҳаётида қандай ўзгаришлар қилмоқда? Қонунлар амалда қандай ишлаяпти? Қуйида шу саволларга ҳуқуқий таҳлил асосида жавоб излаймиз.

Суд мустақиллигига келадиган бўлсак, асосий қомусимиз бўлган – конституцияга мувофиқ, суд ҳокимияти мустақил бўлиб, фақат қонунга бўйсунади. Суд мустақиллиги — ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим тамойилларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, судьялар ўз фаолиятида мустақил бўлиб, фақат Конституция ва қонунга бўйсунади. Ҳеч бир давлат органи, мансабдор шахс ёки бошқа тузилма суд фаолиятига аралашиш ҳуқуқига эга эмас.

Сўнгги йилларда суд мустақиллигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар қонунчиликда ҳам, амалиётда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, судьяларни тайинлаш, лавозимдан озод этиш ва жавобгарлик масалалари аниқ ҳуқуқий механизмлар орқали тартибга солинди. Бу эса судьяларнинг фаолиятига ташқи босимларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Амалдаги ислоҳотларнинг муҳим жиҳатларидан бири — судьяларнинг дахлсизлиги кафолатларининг мустаҳкамланишидир. Судья фақат қонунга асосланган ҳолда жавобгарликка тортилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Бу норма суд қарорларини қабул қилишда судьянинг эркин ва холис позицияда бўлишини таъминлайди.

Шу билан бирга, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш фақат қонун нормалари билан чекланиб қолмаслиги лозим. Амалиётда судьянинг касбий савияси, ҳуқуқий маданияти ва ички ишонч омиллари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, судьяларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Натижада, суд қарорларининг қонунийлиги ва адолатлилигига нисбатан жамоатчилик ишончи босқичма-босқич ортиб бормоқда. Бу эса суд мустақиллигининг фақат декларатив тамойил эмас, балки амалда ишлаётган ҳуқуқий институтга айланаётганидан далолат беради.

Бу ислоҳотларнинг ҳуқуқий аҳамияти шундаки, суд қарорлари ижро ёки бошқа манфаатлар эмас, балки қонун ва далилларга асосланиб чиқарилиши кафолатланмоқда. Оддий фуқаро учун эса бу — судга ишончнинг ортганини англатади.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ҳар бир шахс суд орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Амалда эса илгари суд жараёнларининг чўзилиши, адвокат имкониятларининг чеклангани каби муаммолар мавжуд эди. Ислоҳотлар доирасида адвокатнинг процессуал ҳуқуқлари кенгайтирилди, айбсизлик презумпцияси амалда таъминлана бошлади.

Хусусан, жиноят ишларида далилларни баҳолашда суднинг мустақил позицияси кучайди. Бу фуқаронинг асоссиз жавобгарликка тортилиши хавфини камайтиришга хизмат қилмоқда.

Суд жараёнларида шаффофлик ва рақамлаштириш борасида сўнгги йилларда кўпгина ишлар амалга оширилди ва амалга оширилмоқда. Электрон суд тизимларининг жорий этилиши фуқаролар учун катта енгиллик яратди. Энди даъво аризаларини онлайн юбориш, иш юритиш ҳолатини кузатиш, суд қарорларини электрон шаклда олиш мумкин.

Ҳуқуқий нуқтаи назардан, рақамлаштириш судга мурожаат қилиш ҳуқуқини амалий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, суд жараёнларининг очиқлиги коррупция хавфини камайтириб, жамоатчилик назоратини кучайтиради.

Суд тизимига бўлган ишонч — ҳуқуқий давлатнинг муҳим кўрсаткичи. Агар фуқаро суд орқали адолат топишига ишонса, у қонунга итоат қилади, ўз ҳуқуқини цивилизациялашган йўл билан ҳимоя қилади. Шу маънода, суд ислоҳотлари нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга.

Социологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, суд жараёнларида шаффофлик ошган сари, фуқароларнинг давлат институтларига нисбатан ишончи ҳам мустаҳкамланади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда суд соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган муҳим қадамдир. Энг муҳими, бу ислоҳотлар оддий инсоннинг ҳуқуқий ҳимояси кучайишига хизмат қилаётганлигини шу ўринда алоҳида таъкидлаган бўлар эдик.

 

Абдулло Аллаев,

Навоий вилоят суди раиси

 

Гиёсиддин Ялгашев,

Навоий вилоят суди раиси ўринбосари

By admin

Fikr bildirish