Коррупция аввалам бор – лотинча  corruptio сўзидан олинган бўлиб, емирилиш”, “бузилиш” деган маъноларни англатади.

Коррупция- бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишини англатади. 

Коррупциянинг асосий белгилари деганда, мансабни суиистеъмол қилиш, пора олиш ёки бериш, манфаатлар тўқнашувига йўл куйиш, ноқонуний имтиёзлар бериш ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этиш деган тушунчалардан иборатдир.  

Бундан ташқари, жамиятда коррупциянинг куйидаги учта асосий турларини учратиш мумкин, булар:

Биринчиси, маиший коррупция, бу давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида фуқаролар ва давлат хизматчилари ўртасида вужудга келадиган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик;

Иккинчиси, бизнесдаги коррупция, бу тадбиркорлар ва давлат хизматчилари ўртасида вужудга келадиган муносабатлардаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар;

Учинчиси, ҳокимиятдаги коррупция бўлиб, бу давлат ҳокимият органларида мансабдор шахслари томонидан содир қилинадиган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар.

Ҳаётимизда учраб турадиган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар салбий оқибатларга олиб келиши тайиндир.

БМТ нинг 2003 йил 31 октябрдаги “Коррупцияга қарши” конвенцияси Ўзбекистон томонидан 2008 йил 7 июлда қабул қилинган.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида 2003 йил 10 сентябрда қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига Ўзбекистон  2010 йил март ойида қўшилган.

Дастлаб, Ўзбекистон республикасининг 2017 йил 3 январдаги ЎРҚ-419-сонли “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Мазкур қонун билан, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб олинган, хусусан:

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш.

 

Турғунбой Қаҳҳоров,

Навоий вилоят суди судьяси

 

Нурбек умаров,

Навоий вилоят суди судьяси

By admin

Fikr bildirish