Қонунчиликка кўра, тўловга қобилиятсизлик бу суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги тушунилади.
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (бундан буён матнда Қонун деб юритилади)нинг 195-моддасида қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланади.
Қарздор жисмоний шахс, кредитор, шунингдек давлат солиқ хизмати ва бошқа ваколатли органлар жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Қарздор жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги аризага ушбу Қонуннинг 40-моддасида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
якка тартибдаги тадбиркор мақомининг мавжудлигини ёки йўқотилганлигини тасдиқловчи маълумот (агар бундай фаолият билан шуғулланган бўлса);
қарздор жисмоний шахс кредиторлар талабларини қаноатлантириш учун тақдим этишга тайёр бўлган мол-мулки рўйхати (нархи кўрсатилган ҳолда), гаров предмети бўлган мол-мулк жойлашган ёки сақланадиган жой, мол-мулк эгасининг номи ёки исми, фамилияси ва отасининг исми кўрсатилган ҳолда;
жисмоний шахснинг мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ва жисмоний шахснинг интеллектуал фаолият натижаларига бўлган мутлақ ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (мавжуд бўлган тақдирда) кўчирма нусхалари;
кўчмас мулкка, қимматли қоғозларга, юридик шахснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларга, транспорт воситаларига оид ҳужжатларнинг, шунингдек ариза берилган санага қадар уч йил ичидаги даврда жисмоний шахс томонидан тузилган битимларнинг кўчирма нусхалари;
жисмоний шахс акциядор (иштирокчи) бўлган юридик шахс акциядорларининг (иштирокчиларининг) реестридан (мавжуд бўлган тақдирда) кўчирма;
жисмоний шахс томонидан олинган даромадлар, жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза берилган санага қадар бўлган уч йил ичидаги даврда ҳисобланган ва тўланган солиқлар ҳамда йиғимлар ҳақидаги маълумотлар;
тижорат банкларидаги ҳисобварақлар ва улардаги пул маблағларининг қолдиқлари, жамғармалар (депозитлар) тўғрисида тижорат банки томонидан берилган маълумотнома, шунингдек жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш ҳақидаги ариза берилган санага қадар уч йил ичидаги давр учун жисмоний шахснинг, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳисобварақларидаги операциялар, омонатлар (депозитлар) бўйича маълумотлар (мавжуд бўлган тақдирда);
суғурталанган шахс шахсий ҳисобварағининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар (мавжуд бўлган тақдирда);
бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳудудий бошқармасининг жисмоний шахсни ишсиз деб топиш ҳақидаги қарорининг кўчирма нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);
никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг (агар никоҳ ариза топширилган санада тузилган бўлса ёки никоҳдан ажралиш қайд этилмаган бўлса) ва (ёки) никоҳдан ажралиш ҳақидаги гувоҳноманинг (агар гувоҳнома ариза берилгунига қадар уч йил ичида берилган бўлса) кўчирма нусхаси, шунингдек никоҳ шартномасининг кўчирма нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);
ариза берилган санага қадар уч йил ичида тегишинча тузилган ва қабул қилинган, эр-хотиннинг умумий мол-мулки тўғрисидаги шартноманинг ёки суд ҳужжатининг кўчирма нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда).
Жисмоний шахс ўз аризасида молиявий бошқарувчининг номзодини кўрсатиши мумкин.
Қарздор жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья аризани қабул қилиш ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш ёхуд аризани қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш ҳақидаги ажримни чиқаради.
Суд жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидаги суд ҳужжатларидан бирини қабул қилади:
жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб-таомилини жорий этиш ҳақидаги ажримни;
жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини бошлаш тўғрисидаги қарорни;
аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарорни.
Суд иш ҳолатларидан келиб чиқиб, жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш ёки жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини бошлаш тўғрисидаги ажрим қаул қилганда молиявий бошқарувчини тайинлаёди.
У тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини ўтказиш учун суд томонидан тайинланадиган шахсдир.
Молиявий бошқарувчи қарздор жисмоний шахс ёки кредиторлар ёхуд ваколатли давлат органи ёки суд бошқарувчиларининг жамоат бирлашмаси таклиф этган номзодлар орасидан суд томонидан тайинланади.
Жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш жараёнида қарздор жисмоний шахс кредиторлар йиғилишининг розилиги билан қуйидаги битимларни тузиши мумкин:
базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ бараваридан ошмаган миқдордаги мол-мулкни, қимматли қоғозларни, устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларни ва транспорт воситаларини тўғридан-тўғри ёки билвосита бошқа шахсга ўтказиш ёхуд сотиб олишга қаратилган;
ссудалар олиш ва бериш, кредитлар олиш, кафилликлар ва кафолатлар бериш, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзни ўтказиш, шунингдек жисмоний шахснинг мол-мулкини ишончли бошқарувга топшириш ҳақидаги;
жисмоний шахснинг мол-мулкини гаровга бериш ҳақидаги.
Жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан жисмоний шахснинг аниқланган ёки мазкур тартиб-таомил бошланганидан кейин сотиб олинган барча мол-мулки тугатиш массасини ташкил этади, бундан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 52-моддасида назарда тутилган ҳамда ундирувни қаратиш мумкин бўлмаган мол-мулк мустасно.
Молиявий бошқарувчи жисмоний шахснинг номидан мол-мулкни сотиш пайтида:
жисмоний шахснинг банклардаги ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақлари ҳамда омонатлари маблағларини бошқаради;
жисмоний шахснинг банклардаги ҳамда бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларини очади ва (ёки) ёпади;
юридик шахс иштирокчисининг қарздор жисмоний шахсга тегишли бўлган ҳуқуқини, шу жумладан иштирокчиларнинг умумий йиғилишида овоз бериш ҳуқуқини амалга оширади;
жисмоний шахснинг мулкий ҳуқуқларига тааллуқли бўлган, шу жумладан жисмоний шахснинг мол-мулкини бошқа шахсга ўтказиш ёки қайтариш, уни ўзга шахснинг эгалигидан талаб қилиб олиш ҳақидаги ишларни судларда кўриб чиқишда иштирок этади.
Қарздор жисмоний шахс банкрот деб топилган ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомили бошланган кундан эътиборан:
қарздор жисмоний шахснинг мол-мулкка, шу жумладан кўчмас мулкка ва қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишни ёки бошқа шахс зиммасига юклатишни рўйхатдан ўтказиш фақат молиявий бошқарувчининг аризаси асосида амалга оширилади. Жисмоний шахснинг ушбу санага қадар берилган аризалари ижро этилмайди;
қарздор жисмоний шахснинг мажбуриятларини бажариш мақсадида пул маблағларини ёки мол-мулкни кредиторларга тўғридан-тўғри учинчи шахс томонидан ихтиёрий равишда беришга йўл қўйилмайди, бу маблағлар ва мол-мулк тугатиш массасига киритилади;
қарздор жисмоний шахс банкларда ва бошқа кредит ташкилотларида банк ҳисобварақларини ҳамда омонатларни очишга ва улардан пул маблағларини олишга ҳақли эмас, бундан ушбу Қонун 206-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини бошлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан кейинги бир иш кунидан кечиктирмай жисмоний шахс ўзида мавжуд бўлган барча банк карталарини (ПИН-кодни кўрсатган ҳолда) молиявий бошқарувчига топшириши шарт. Улар олинган кундан кейинги бир иш кунидан кечиктирмай молиявий бошқарувчи пул маблағларини қарздор жисмоний шахснинг алоҳида ҳисобварағига ўтказиш учун ўзи олган банк карталари билан боғлиқ операцияларни тўхтатиб туриш чораларини кўриши шарт.
Кредиторларнинг жорий тўловларга доир талаблари қуйидаги тартибда қаноатлантирилади:
биринчи навбатда — алиментлар тўлаш, жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишга оид суд харажатлари, молиявий бошқарувчига, жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш бўйича ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни таъминлаш учун молиявий бошқарувчи томонидан жалб этилган шахсларга ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган жорий тўловлар;
иккинчи навбатда — меҳнатга оид муносабатлар билан боғлиқ бўлган жорий тўловлар;
учинчи навбатда — коммунал тўловлар, шунингдек кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича уй-жой мулкдорларининг ширкатларига тўланадиган мажбурий тўловлар;
тўртинчи навбатда — бошқа жорий тўловларга доир талаблар қаноатлантирилади.
Кредиторларнинг жорий тўловларга доир битта навбатга тааллуқли бўлган талаблари календарь навбат тартибида қаноатлантирилади.
Кредиторлар талабларининг реестрига киритилган талаблар қуйидаги тартибда қаноатлантирилади:
биринчи навбатда — фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига зарар етказганлик учун жавобгарлик бўйича талаблар, шунингдек алиментлар ундиришга доир талаблар;
иккинчи навбатда — меҳнатга оид муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар;
учинчи навбатда — бошқа кредиторларнинг талаблари.
Жисмоний шахсга нисбатан мол-мулкни сотиш тартиб-таомили тамомланган ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш юритиш тугатилган санадан эътиборан беш йил ичида ушбу шахс ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатилганлиги ҳақидаги фактни маълум қилмасдан туриб ўз зиммасига кредит шартномалари ва (ёки) қарз шартномалари бўйича мажбуриятларни қабул қилишга ҳақли эмас.
Жисмоний шахсга нисбатан мол-мулкни сотиш тартиб-таомили тамомланган ёки тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритиш тугатилган санадан эътиборан беш йил ичида ушбу жисмоний шахснинг илтимосномасига кўра тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилиши мумкин эмас.
Беш йил давомида жисмоний шахс кредиторнинг ёки тегишли ваколатли органнинг аризаси асосида такроран тўловга қобилиятсиз деб топилган тақдирда, жисмоний шахсга нисбатан ушбу Қонун 222-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган жисмоний шахсни мажбуриятлардан озод этиш тўғрисидаги қоида қўлланилмайди.
Жисмоний шахснинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомили тамомланганидан кейин суд тўлов муддати етиб келган, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритиш жараёнида билдирилмаган талаблар бўйича ижро варақасини қонунчиликда белгиланган тартибда беради.
Хулоса ўринда, жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлигига оид қонун нормалари мазкур институтни аниқ, шаффоф ва босқичма-босқич тартибга солишга қаратилган. Қонун тўловга қобилиятсизлик тушунчаси, унинг аломатлари ва юзага келиши шартларини белгилаб, қарздор, кредитор ва давлат органлари учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди.
Шу билан бирга, ишни кўриб чиқиш, молиявий бошқарувчини тайинлаш, қарзни таркибий жиҳатдан ўзгартириш ёки банкротлик ва мол-мулкни сотиш тартиб-таомилларини қўллаш механизмлари батафсил ёритилган.
Банкротлик жараёнида қарздорнинг мол-мулки қонун доирасида бошқарилиб, кредиторлар талаблари ижтимоий аҳамияти ва қонуний устуворликка мувофиқ навбат билан қаноатлантирилади. Молиявий бошқарувчининг ваколатлари орқали мол-мулкни яшириш, ноқонуний тасарруф этиш ёки кредиторлар манфаатларига зарар етказиш ҳолатларининг олди олинади.
Шу билан бирга, қонун қарздор жисмоний шахс учун муайян чекловлар ва масъулиятни белгилаб, банкротлик институтидан суиистеъмол қилинишига йўл қўймайди ҳамда молиявий интизомни кучайтиради.
Умуман олганда, мазкур қонун нормалари жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги масаласини адолатли ҳал этиш, иқтисодий муносабатларда барқарорликни таъминлаш ва қарздор ҳамда кредиторлар манфаатлари ўртасида мувозанатни сақлашга хизмат қилади.
Нурбек Умаров,
Навоий вилоят суди судьяси
Шухрат Қодиров,
Навоий вилоят суди судьяси
Шерзод Ғофуров,
Навоий туманлараро иқтисодий судининг раиси