Мамлакатимизда бозор
иқтисодиётига асосланган муносабатлар жадал ривожланиб борар экан, субъектлар
ўртасида турли низолар вужудга келиши муқаррар.Хўжалик бритувчи субъектлар,
айниқса тадбиркорлик субъектлари учун иқтисодиёт соҳасида
юзага келган низони узоқ вақт давом этадиган суд жараёнлари орқали ҳал этиш
уларга фойда келтирмайди.
Бугунги кун амалиёти келиб чиқиб айтиш мумкинки,
низони, зиддиятларни бартараф этишда низоларни ҳал қилишнинг муқобил
имкониятларидан фойдаланиш шу жумлаадан медиатцияни қўллаш тарафларнинг
муаммоларни ҳал этишнинг самарали усули бўлибгина қолмай, суд жараёнларини
соддалаштиришда ҳамда судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда катта аҳамият касб
этмоқда.
Судларда низолашилаётган тарафларни муросага
келтириши, уларни яраштириш орқали низони ҳал этиш суднинг асосий вазифаларидан
бири бўлиб, бу биринчидан низолашилаётган тарафларнинг ярашув муносабати билан
ўзаро ҳамкорлиги, дўстлик муносабатлари сақланиб қолса, иккинчидан тарафларни
судга бўлган ҳурмати ва ишончини ошишига хизмат қилади.
Тарафлар низони келишув битимини ёки медиатив
келишувни тузиб ҳал этиши мумкин. Келишув битими ёки медиатив келишув даъво
тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин. Келишув битими иқтисодий суд
ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида,
медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага
(маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар
томонидан тузилиши мумкин. (ИПК 131-моддаси)
ИПК 107-моддасининг 53-бандига кўра, тарафлар
ўртасида медиатив келишув тузил ган тақдирда суд даъво аризасини кўрмасдан
қолдиради. «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига асосан, агар
тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, ариза кўрмасдан
қолдирилганда судга тўланган давлат божи қайтарилади.
Ривожланган хорижий давлатлар (АҚШ, Канада, Буюк
Британия, Австрия, Норвегия, Россия, Козоғистон) қонунчилигини ўрганиш
натижаларига кўра, медиацияга мурожаат қилиш процедурасини иккига ажратиш
мумкин: Фаол форма (шакл) – судьянинг ўзи медиаторга мурожаат қилиш ҳуқуқини
тарафларга тушунтиради. Пассив форма (шакл) – тарафларнинг ўзи буклетлар,
маълумотлар, хабарлар, интернет-сайтлар орқали танишиб, тушуниб олади.
Бизнинг қонунчилигимизда ҳам медиацияга мурожаат
қилишнинг ҳар иккала процедураси ҳам амал қилади.
ИПК 163-модддаси судья ишни суд
муҳокамасига тайёрлаш чоғида тарафларни келиштириш чораларини кўришлиги
вазифасини юкласа, 130-моддаси эса судга тарафларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга
кўмаклашиш вазифасини юклайди
“Медиация тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонун нинг
16-моддасига кўра, медиацияни қўллаш
тўғрисидаги келишув шартномадаги унинг таркибий қисми бўлган шарт тарзида ёки
алоҳида келишув тарзида ёзма шаклда тузилади.
Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда
тарафлар ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган барча ёки муайян
низолар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш йўли билан ҳал этилиши
кераклиги ҳақидаги қоида бўлиши лозим.
Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда низо
предмети ҳақидаги, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги,
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларда тарафларнинг
иштирок этиш шартлари ҳақидаги, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш
муддатлари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши мумкин.
Бироқ, иқтисодий ишларни
ўрганишда медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув шартномадаги унинг таркибий
қисми бўлган шарт тарзида ёки алоҳида келишув тарзида ёзма шаклда тузилганлиги
ҳолатлари деярли барча ишларда учрамаслиги аниқланган. Бунга медиация институти
фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар иштирокчилари, шу жумладан тадбиркорлик
субъектлари учун янги институт эканлиги сабаб бўлиши мумкин.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, медиацияни қўллаш
тўғрисидаги келишув шартномадаги унинг таркибий қисми бўлган шарт тарзида ёки
алоҳида келишув тарзида ёзма шаклда тузилмаганлиги медиация тартиб-таомилларини
қўллашга тусқинлик қилмаслиги лозим.
Турғунбой Қаҳҳоров,
Навоий вилоят суди судьяси